Ўзбекистонда Binance криптобиржаси расман иш бошлади. Бу ҳақда Coinpay матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу хизматнинг ишга туширилиши Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги кўмагида ва Coinpay ҳамда Binance ўртасидаги ҳамкорлик натижасида, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилган.

Энди фойдаланувчилар крипто-активлар билан хавфсиз ва қулай операцияларни амалга оширишлари, миллий валютада банк карталари ва миллий тўлов тизимлари орқали маблағ киритиш ва ечиб олиш имкониятига эга.

Криптобиржа Ўзбекистонда ишлаш учун 15 январь куни рухсат олганди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг январь ойида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан Binance криптобиржасига нисбатан Ўзбекистон қонунчилиги, хусусан, криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлиги учун жарима қўллаш ҳақидаги қарор қабул қилинган эди. Шундан сўнг, тегишли даъво аризаси Тошкент шаҳар иқтисодиёт судига юборилган.

2024 йилнинг 26 мартидан 7 июнига қадар жавобгар (Binance криптобиржаси) вакили иштирокида давом этган суд жараёнлари якунига кўра, суд агентликнинг аризасини тўлиқ қондириш ҳамда криптобиржадан 300 базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлган жаримани Ўзбекистон бюджетига белгиланган тартибда ундириш ҳақида қарор қабул қилган.

Binance криптобиржаси суднинг барча талабларини бажарганлигини ҳамда жаримани қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат бюджетига тўлиқ тўлаган.