Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, имтиҳонлар ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу Олий Мажлис Сенати томонидан 24 январь куни маъқулланган қонунда назарда тутилган. Ҳужжат президентга имзолаш учун юборилган.
Жиноят кодекси 228−2-модда (автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти ҳайдовчиларини, шунингдек, тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, имтиҳонлар ўтказиш ва гувоҳномалар бериш тартибини бузиш) билан тўлдирилмоқда.
1-қисм:
- Масъул шахс томонидан ўқув журналлари, йўналиш варақалари ёки имтиҳон комиссияси баённомаларига таълим олувчиларнинг ўқув дастуридан ўтгани ёки имтиҳонларни муваффақиятли топширгани тўғрисида ёлғон маълумотлар киритилиши, шунингдек, ушбу ёлғон маълумотлар асосида автомототранспорт воситалари, шаҳар электр транспорти ҳайдовчилари ёки тракторчи-машинистларни ўқитиш якунлангани тўғрисида гувоҳнома берилиши. Базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача (18,75 млн сўмдан 37,5 млн сўмгача) миқдорда жарима, 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
2-қисм:
- Ҳайдовчилик гувоҳномасини ёки тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатларни беришда масъул шахс томонидан назарий ва амалий имтиҳонлар натижалари тўғрисидаги ёлғон маълумотларни имтиҳон варақасига ёки имтиҳон натижалари баённомасига киритиш. БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача (37,5 млн сўмдан 112,5 млн сўмгача) миқдорда жарима, 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
3-қисм. Модданинг 1 ёки 2-қисмида кўрсатилган ҳаракатлар:
- а) такроран;
- б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
- в) оғир оқибатларга олиб келган бўлса;
- г) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда,
- базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 600 бараваригача (112,5 млн сўмдан 225 млн сўмгача) миқдорда жарима, 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари, ЖКда янги 227−1 модда (автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари)нинг давлат рақами белгиларини ёки идентификацион рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, бериш, улардан фойдаланиш ёки уларни қалбакилаштириш) пайдо бўлади.
1-қисм:
- Автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари)ни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, бериш ёки улардан фойдаланиш, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказиш белгилари ёки идентификация рақамларини (кузов, шасси (рама), двигатель) қалбакилаштириш: базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима, 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
2-қисм:
- Худди шундай ҳаракатлар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Модданинг 1 ёки 2-қисмларида назарда тутилган ҳаракатлар, агар улар:
- а) такроран ёки ўта хавфли рецидивист томонидан;
- б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб,
- 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлисларида ҳужжатни тақдим этиш чоғида ушбу жиноятлар учун жазоларни жорий этиш режалари эълон қилинганди. Лекин депутатлар ва сенаторларнинг ўзлари бу моддаларни муҳокама қилишмади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддасида давлат рақам белгиси ясама ёки ўзга усулларда ўзгартирилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқарганлик учун БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима назарда тутилган.
«Газета.uz» аввалроқ ёзганидек, сенаторлар томонидан маъқулланган худди шу қонун доирасида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ҳайдовчиларга жарима балларини ҳисоблаш тизимини йўлга қўйиш, маст ҳолда такроран ҳамда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилингандан кейин машинани бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик, «йўл безорилиги» учун маъмурий жавобгарлик, шунингдек, обрўсизлантириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фотосурати ва видеосини эълон қилганлик учун жарималарни жорий этиш назарда тутилган.