Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили давлат дастури лойиҳаси юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Охирги уч йилда жойларда 3,5 гигаваттли 16 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилди, 35 та кичик ГЭС қурилди. Саноатда «яшил энергия» сертификати тизими жорий қилинди. Қуёш панеллари ўрнатган хонадонлар 60 мингдан ошди. «Яшил макон» дастури доирасида дарахтлар экилиб, боғлар яратиляпти. Сувдан тежаб-тергаб фойдаланиляпти.
2025 йил «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт» йили деб эълон қилинди. Бу борада давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилиб, бир ой давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.
Президент матбуот хизматига кўра, у билан 11 млн фуқаро танишиб, 100 дан зиёд таклифлар танлаб олинган. БМТнинг тармоқлари ва бошқа ваколатхоналар ҳамкорликка тайёрлигини билдирган.
Давлат дастуридаги энг катта йўналишлардан бири энергетикадир, дейилади хабарда.
Сўнгги йилларда мамлакатнинг жами қувватларида «яшил» энергия улуши 16 фоизга етди. Бу йил уни 26 фоизга чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун яна 3,5 гигаваттли 16 та йирик қуёш ва шамол станцияcи, 160 мегаваттли 5 та йирик ГЭС ва 1,8 гигаваттли энергия сақлаш қувватлари ишга туширилади.
Давлат раҳбари бунга қўшимча яна 1 гигаватт қувватли лойиҳаларни шакллантириш бўйича кўрсатма берди.
Шунингдек, давлат корхоналари, саноат ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ҳамда хонадонларда қуёш панеллари ўрнатишни рағбатлантириш давом эттирилади. Бунга 2 трлн сўм кредит ажратилади.
Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги 19-мактаб тажрибаси асосида боғча, мактаб ва шифохоналарда иссиқлик насосини жорий қилиш оммалаштирилади.
Бу йил камида 6 фоиз иқтисодий ўсиш суръатини сақлаб қолиб, ялпи ички маҳсулотни 125 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган. Бунга эришишда омилкорлик ва тежамкорлик жуда муҳим, дейилади хабарда.
Шу боис, бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга энергия самарадорлиги ҳисобига харажатларни 15−20 фоизгача қисқартириш ва қўшилган қийматни кўпайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Давлат раҳбари ресурс тежамкор иқтисодиёт моделига ўтиш вақти келганини таъкидлади.
Мисол учун, электротехника, автомобилсозлик, фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида 1 тонна энергия сарфига тўғри келадиган қўшилган қиймат кимё, қурилиш материаллари, тўқимачилик тармоғидагидан 15−20 баробар юқори.
Юқоридаги соҳаларда ҳам ресурсларни тежаш, кам энергия сарфлаб, кўп қўшилган қиймат олаётган тармоқларни ривожлантириш вазифаси қўйилди. Энергия истеъмоли юқори бўлган 400 та йирик саноат корхонаси энергия аудитдан ўтказилиб, тежамкор технологиялар жорий қилиниши белгиланди.
Яқин келажакда ривожланган давлатлар фақат «яшил технология» асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни олади. Шу боис, ҳозирдан бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йил ишлаб чиқариш ва инфратузилма лойиҳаларининг 15 фоизи, 2027 йилдан 30 фоизи, 2030 йилдан 55 фоизи «яшил» бўлади.
Кам углеродли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлардан 300 млн доллар ресурс жалб қилинади.
Энергетика мажмуаларини барпо этишда 4 млрд долларлик ускуна ва бутловчи қисмлар маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилади. Бу орқали йирик лойиҳаларда «яшил компонент» улуши 25 фоиздан 31 фоизга етиши кутилмоқда.