Ўзбекистон кам энергия сарфлайдиган ва юқори қўшилган қийматга эга бўлган тармоқларни ривожлантириш орқали ресурс тежайдиган иқтисодий моделга ўтади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбари охирги уч йилда жойларда 3,5 гигаваттли 16 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилгани ва 35 та кичик ГЭС қурилганини таъкидлади. Қуёш панеллари ўрнатган хонадонлар 60 мингдан ошди.
Саноатда «яшил энергия» сертификати тизими жорий қилинди. Президент сўзларига кўра, корхоналар 48 минг дона ана шундай сертификатларни савдога чиқарган.
«Биз бир нарсани аниқ тушуниб олишимиз зарур: энергия манбалари етарли бўлмаса, иқтисодий ўсиш ҳам бўлмайди, камбағаллик ҳам қисқармайди. Мисол учун, Хоразм вилоятида 40 мингга яқин корхона бор, қарийб 2 миллионга яқин аҳоли яшайди. Уларнинг бир йиллик электр энергия истеъмоли 2,6 млрд кВт/соатга тенг. Ҳозирги кунда вилоят ўзида 1,3 млрд кВт/соат электр ишлаб чиқараётган бўлса, қолган 50 фоизини бошқа ҳудудлардан оляпти», — деди президент «Ўзбекистон 24» телеканалидаги лавҳада.
Давлат раҳбари энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов ва Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимовга «яшил» энергиядан фойдаланган ҳолда 1,3 млрд кВт/соат электр энергиясини қоплаш бўйича топшириқ берди. «Бошқа йўлимиз йўқ», — дея таъкидлади у.
Шавкат Мирзиёев «яшил иқтисодиёт» бу нафақат тоза энергетикани ривожлантириш, балки тармоқларда энергия самарадорлигини ошириш эканлигини ҳам айтди.
2025 йил камида 6 фоиз иқтисодий ўсиш суръатини сақлаб қолиб, ялпи ички маҳсулотни 125 млрд доллардан ошириш мақсад қилинган.
«Ўтган йилдан 10 млрд долларга кўп. Бу кичкина марра эмас, лекин энергия ҳисоби тўлиқ эмаслиги, тармоқдаги йўқотишлар оқибатида қўшимча 27 фоиз ЯИМ яратиш имониятини бой беряпмиз», — деди у.
Шу боис бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ва энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудовга вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда уч ой муддатда энергия самарадорлиги ҳисобига харажатларни 15−20 фоизгача қисқартириш ва қўшилган қийматни кўпайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Шунингдек, «Ўзэнергоинспекция» бошлиғи Илҳом Неъматуллаев зиммасига йил охиригача электр энергияси истеъмоли юқори бўлган 400 та йирик саноат корхонасини энергия аудитдан ўтказиб, энергия тежамкор технологияларини жорий қилиш дастурини бошлаш вазифаси юклатилди.
Давлат раҳбари кам энергия сарфлаб юқори даромад оладиган тармоқларни ривожлантириб, ресурс тежамкор иқтисодиёт моделига ўтиш вақти келганини алоҳида таъкидлади.
Мисол учун, электротехника, автомобилсозлик, фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида 1 тонна энергия сарфига тўғри келадиган қўшилган қиймат ўртача 20 минг доллар, кимё, қурилиш материаллари, тўқимачилик тармоқларидан 15−20 баробар юқори.
«Энергия тежаш фақат давлатдан субсидия олиш тадбири бўлиб қолмаслиги учун „яшил“ молиявий механизм, экотизим яратиб, буни қўшимча даромад олиш манбасига айлантириш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент яқин беш йилда ривожланган давлатлар фақат «яшил технология» асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни олишини, шу боис ҳозирдан бунга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги ҳақида огоҳлантирди.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга йирик лойиҳаларда «яшил компонент» улушини 25 фоиздан 31 фоизга ошириш топширилди. Шу мақсадда энергетика мажмуаларини барпо этишда 4 млрд долларлик ускуна ва бутловчи қисмлар маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилади.