Шавкат Мирзиёев 28 январь куни 2025−2035 йилларда электроэнергетика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ўтказди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Охирги саккиз йилда электр ишлаб чиқариш 38 фоиз ошиб, 81,5 миллиард киловатт соатга етди. Хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли 11,2 гигаваттли қўшимча қувват яратилди. Натижада бу секторнинг генерациядаги улуши 24 фоизга, «яшил» энергия ҳиссаси эса 16 фоизга етди.
Шу даврда аҳоли даромади 1,6 баравар ўсгани, янги турдаги маиший техникалардан фойдаланилаётгани сабабли хонадонларда электр истеъмоли 21 миллиард киловатт соатдан ошди. Бу 2016 йилгидан 2 баравар кўп.
2030 йилга бориб, мамлакат аҳолиси 41 миллионга етиши, иқтисодиёти эса 1,5 карра ўсиши кутилмоқда. Шунга мутаносиб равишда, саноатда 45 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш, хизматлар ҳажмини 3 баравар ошириш, йирик маълумотлар марказларини ишга тушириш кўзда тутилган.
Бунинг учун, аввало, барқарор электр таъминоти зарур. Ҳисоб-китобга кўра, 2030 йилда 117 миллиард киловатт соат, 2035 йилда эса 135 миллиард киловатт соат электр энергияси талаб этилади. Яъни, ҳозиргидан 1,7 баравар кўп.
Йиғилишда энергетика вазири шу мақсадга қаратилган узоқ муддатли дастурни тақдимот қилди.
Қайд этилишича, янги электр станциялари ва энергия сақлаш қувватлари қурилади. Уларни тизимга улаш учун 7 минг километр магистрал тармоқ қурилиб, рақамлаштирилган бошқарув жорий қилинади. Бу орқали ҳудудларда энергия баланси таъминланади.
«Бир вилоятда электр етишмовчилиги бўлса, бошқа жойда қўшимча қувватлар ишга туширилади. Бу ишлар учун келгуси беш йилда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»га 4 миллиард долларлик инвестиция киритиш талаб этилади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрь ойида энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов қайта тикланувчи манбаларни тармоққа интеграция қилиш учун қайта тикланувчи манбалар қувватининг камида 80 фоизини ташкил этадиган захира қувватига эга бўлиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, у Ўзбекистон умумий қуввати 400 МВт/соатдан юқори бўлган 2000 МВт дан ортиқ энергия сақлаш тизимларини ўрнатиш бўйича шартномалар имзолаганини маълум қилди. Бу қуёш электр энергияси ишлаб чиқаришдаги тебранишларга тезда жавоб беришга ёрдам бериши кутилмоқда.
Энг муҳим вазифалардан бири электр энергияси нархини пасайтириш. Энди иссиқлик электр станцияларида бир киловатт-соатнинг нархи 5−6 центни ташкил этган бўлса, қуёш ва шамол станцияларида ўртача 3 цент. 2030 йилга бориб жами ишлаб чиқаришдаги «яшил» энергия улушини 50 фоиздан ортиқроққа ошириш режалаштирилган. Жумладан, умумий қуввати 164 МВт бўлган 3000 та микро ГЭС, шунингдек, 750 МВт қувватга эга кичик қуёш ва шамол станцияларини ишга тушириш режалаштирилган.
Бир кун аввал давлат раҳбари ресурс тежайдиган иқтисодиёт моделига ўтиш вақти келганини таъкидлаган эди.
Хусусан, саноатда энергия самарадорлик орқали қўшимча 27 фоиз ялпи ички маҳсулот яратиш имконияти бор. Ҳозир кимё ва металлургия бўйича айрим маҳаллий корхоналарда энергия сарфи дунёдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 2 карра, цемент ишлаб чиқаришда эса 1,2 баробар юқори.
Шу боис ҳар бир тармоқ кесимида энергияни 10−15 фоиз иқтисод қилиш, 2030 йилда электр энергияси йўқотишларини ҳозирги 14 фоиздан 8−9 фоизгача тушириш вазифаси қўйилди.
Хорижий инвесторлар билан 24 ГВт қувватга эга 26 миллиард долларлик лойиҳалар бўйича ишлар бошланди. Улар учун катта ҳажмдаги асбоб-ускуналар ва қурилиш материалларидан фойдаланилади — йиғилишда бу маҳаллий корхоналар учун катта имконият экани, лойиҳалар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор ва узлуксиз таъминлаш, соҳа учун кадрлар тайёрлашни ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланди.
Муҳокама қилинган жиҳатларни инобатга олган ҳолда электр энергетикасини 2035 йилгача ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш масъул шахсларга топширилди.