«Дори-Дармон» акциядорлик компанияси акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида компаниянинг бошқарув раиси лавозимига Дустмуратов Мирзанозим Мирзабекович сайланди, деб хабар берди компания ахборот хизмати.

Дусмуратов Мирзанозим Мирзабекович 1956 йил Тошкент вилоятида туғилган. 1979 йил Андижон давлат тиббиёт институтини тугатган. Россиянинг Марказий протезлаш ва протезсозлик институтида аспирантурада таҳсил олган.

Иш фаолиятини Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий тадқиқот институтидан бошлаган.

Дусмуратов турли йилларда Тошкент темир йўллар касалхонаси шифокори, бош врач ўринбосари, Протез-ортопедия реабилитация маркази бош врачи, «Оптомедик» МЧЖ директори, Ўзбекистон ногиронлар жамияти раисининг биринчи ўринбосари, «Протезист» Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси бош директори, «Ўзфармсаноат» давлат- акциядорлик концерни бошқарув раиси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси каби масъул лавозимларда ишлаган.

Тиббиёт фанлари номзоди, ортопед, травматолог ва протезист Дусмуратов Мирзанозим Мирзабекович тайинловга қадар «Ўзфармсаноат» давлат-акциядорлик концерни «тугатиш комиссияси» раиси лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, «Дори-Дармон» кузатув кенгашининг 2019 йил 27 февралдаги қарори билан компания бошқаруви раиси Азимов Равшан Рустамович ваколати муддатидан аввал тўхтатилганди.

Компания бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажариш аввал ушбу лавозимда фаолият кўрсатган Солихбоева Умида Саидовнага топширилган. У ҳозиргача акциядорлик компаниясига раҳбарлик қилиб келаётганди.