Шерхон Йўллиевич Алламуротов Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани ҳокими этиб тайинланди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Халқ депутатлари Қизириқ тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов 2024 йилнинг апрелидан буён туман ҳокими вазифасида ишлаб келган Анвар Орипов ўз аризасига биноан лавозимидан озод этилганини билдирди.
Шерхон Алламуротов 1986 йилда Жарқўрғон туманида туғилган. 2011 йилда Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган. Подполковник ҳарбий унвонига эга.
Фаолияти давомида ИИОда турли вазифаларда, хусусан, вилоят ИИБда бўлим бошлиғи, Жарқўрғон тумани ИИБ бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган. Тайинловга қадар у 2023 йилдан буён Қизириқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.
Вилоят раҳбари янги ҳокимга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди ҳамда фаолиятига муваффақиятлар тилади, дейилади хабарда.