Ўзбекистонда 2025 йилда аҳоли, кичик бизнес ва ижтимоий соҳа обектлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергиясининг камида 40 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига қопланиши режалаштирилган. Бу ҳақда бош прокурор ўринбосари Шохрух Аминов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бунинг учун мазкур иншоотларга қуёш батареялари ва сув иситгичлари ўрнатилади. Бу ишлаб чиқариш таннархини пасайтириши кутилмоқда.
Бош прокурор ўринбосари бу вазифа «сўзсиз» бажарилишини таъкидлади. Ўтган йили Бош прокуратура ва вилоят органлари «бундай буйруқларни бажариш бўйича тажрибага эга бўлди», деди у.
Эслатиб ўтамиз, декабрда Тошкент шаҳрида электр энергиясидан норационал фойдаланишга қарши рейдлар ўтказилган эди. Прокурорлар тадбиркорларга нисбатан маъмурий баённомалар тузиб, уларни жарима ва электр тармоғидан узиш эҳтимолидан огоҳлантирган.
Бу тажрибадан келиб чиқиб, Президент топшириқлари ижроси устидан қаттиқ прокурор назорати ўрнатилади, деди Шохрух Аминов.
«Президент „Ҳудудгазтаъминот“ компанияси томонидан аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашда йўл қўйилаётган қонунбузарликларни танқид қилди. Бош прокуратурага мазкур соҳани коррупциядан холи ҳудудга айлантириш бўйича таклифлар киритиш топширилди», — деди у.
Прокуратура, «Худудгазтаъминот» ва «Ўзэнергоинспекция» ўз таклифларини ишлаб чиқади ва киритади.
Эслатиб ўтамиз, сентябрда Сирдарё вилоятидаги тадбиркорлар электр энергиясини узиб, қуёш батареяларини ўрнатишга мажбур бўлгани учун ҳокимлик биноси олдига йиғилган эди. Вилоят электр тармоқлари корхонаси мутасаддилар президент фармонини нотўғри талқин қилганини маълум қилган. «Газета.uz» мамлакат бўйлаб тадбиркорлар шу сабабдан электр энергияси узилиши таҳдидига дуч келаётганини ёзганди. Шу билан бирга, Энергетика вазирлиги сентябрь ойида бундай хатти-ҳаракатларни маъқулламаслигини ва панелларни ўрнатиш ва электр энергиясини ўчиришга мажбурлаш бўйича кўрсатмалар бермаганини айтди.
Аввалроқ энергетика вазири мажбурлаш ҳақидаги саволга жавобан, фуқароларнинг жойларда суиистеъмоллик ҳолатлари бўйича шикоят қилишлари учун ўз қабул рақамини берганди: 71−231−14−41.