24 январь куни президент қарори билан «Нукус давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-25-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.

Қарорга кўра, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги Нукус кончилик институти ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университети. Нукус филиали негизида Нукус давлат техника университети ташкил этилади.

Саноат, техника-технология, муҳандислик соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш Университетнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Университетда Илғор муҳандислик мактаби фаолияти ташкил этилади.

2025/2026 ўқув йилигача Университетда тажриба-ишлаб чиқариш («спин-офф») корхонаси ташкил этилади.

2025/2026 ўқув йилидан:

  • Университет талабаларининг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичини ва профессор-ўқитувчиларнинг фаолият самарадорлигини халқаро тажрибалар асосида баҳолаш тизими жорий этилади;
  • Амударё муҳандислик-технологиялар техникумида муҳандислик соҳаларидаги касблар бўйича касбий таълим дастурларида тўлиқ давлат гранти асосида ўрта бўғин кадрлари тайёрлаш йўлга қўйилади.

Ҳозирда таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини университетда давом эттиради ва битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда Университет дипломи берилади.

Бундан ташқари, шу куни «Наманган давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-23-сон] қабул қилинди.

Қарорга кўра, Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Наманган тўқимачилик саноати институти негизида Наманган давлат техника университети ташкил этилади.

Муҳандислик, қурилиш, тўқимачилик, ахборот технологиялари ва дастурлаш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича, шунингдек, ҳудуднинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжига мувофиқ олий маълумотли мутахассислар ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш Университетнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Университетда юридик шахс мақомисиз Илғор муҳандислик мактаби фаолияти ташкил этилади.

2025/2026 ўқув йилидан иш берувчи корхона ва ташкилотларнинг реал муаммолари асосида битирув малакавий ишлари ҳамда магистрлик диссертациялари мавзулари банкини шакллантириш ва талабаларнинг битирув малакавий иши ҳамда магистрлик диссертация ҳимояларини иш берувчи корхона ва ташкилотларда ташкил этиш чоралари кўрилади.

2026/2027 ўқув йилигача Университетнинг камида иккита бакалавриат таълим йўналиши ва учта магистратура мутахассислигининг халқаро тан олинган ташкилотлар аккредитациясидан ўтказилиши таъминланади.

2025 йилдан йирик ишлаб чиқариш корхоналарини Университетга саноат ҳамкори сифатида бириктирилади.

Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ҳамда Наманган тўқимачилик саноати институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Университетда давом эттиради ва 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчиларга белгиланган тартибда Университет дипломи берилади.