Uzbekistan Airways авиакомпанияси 20 январдан бошлаб Европа мамлакатларига парвоз йўналишларини ўзгартирди — энди самолётлар Россия устидан ўтмаяпти. Бу ҳақда компания бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқулов сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, қарор Европа авиация хавфсизлиги агентлигининг (EASA) Россиянинг Европа ҳудуди устидаги парвозларнинг хавфсиз эмаслиги тўғрисидаги яқинда эълон қилинган ҳисоботи асосида қабул қилинган. Энди Uzbekistan Airways йўналишлари жанубийроқ — Озарбайжон ва Туркия орқали ўтмоқда.
Тошкент-Мюнхен рейси, 19 январь. Узунлиги — 4849 км. Манба: Flightradar24.
Тошкент-Мюнхен рейси, 24 январь. Узунлиги — 5156 км. Манба: Flightradar24.
«Табиийки, бу рейсни бир томонга 30−40 дақиқага узайтиради ва компания учун қўшимча харажатларни келтириб чиқаради, — деди авиаташувчи раҳбари. — Шунга қарамай, биз тарифларни оширмадик, чунки бу форс-мажор ҳолати ва йўловчи бунинг учун жавобгар бўлмаслиги керак».
«Ҳар сониялик таҳлил»
Шуҳрат Худойқулов.
Шуҳрат Худойқуловнинг таъкидлашича, авиакомпаниянинг парвозларни бошқариш маркази доимий равишда ҳаво бўшлиғидаги вазиятни таҳлил қилмоқда.
«Айтиш мумкинки, ҳар сонияда таҳлил ўтказилмоқда. Агар вазият хавфли деб баҳоланса — бизнинг рейсларимизда ўртача 200 нафар йўловчи бор ва биз ҳар бири учун жавобгармиз — йўналишни ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинади, бу ҳақда диспетчерлар дарҳол учувчиларга кўрсатма беради», — деб таъкидлади у.
Компания раҳбарининг айтишича, Қозоғистон ҳудудида Azerbaijan Airlines самолёти ҳалокатидан сўнг Ўзбекистон бош вазири раҳбарлигида комиссия тузилган ва шошилинч муҳокама ўтказилган. Комиссия таркибига Мудофаа вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Ўзавиация, Uzbekistan Airways ва бошқа тузилмалар вакиллари киритилган бўлиб, улар вазиятни синчковлик билан таҳлил қилиб, авиақатновлар хавфсизлигини таъминлашга оид қарорлар қабул қилишган.
Унинг қўшимча қилишича, йўналишлар улар амалга оширилишидан анча олдин ишлаб чиқилади ва келишиб олинади, қарорларни авиакомпаниянинг ўзи эмас, балки мамлакатнинг авиация маъмурлари қабул қилади.
«Биз бунга жиддий эътибор қаратмоқдамиз. Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг барча ҳудудларга барча рейслари максимал хавфсизликни таъминлаш шарти билан амалга оширилмоқда», — деди Шуҳрат Худойқулов.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Украина ҳудуди ва Россиянинг Европа қисми, Осиё йўналишида эса айрим тоғли ҳудудлар, шу жумладан, об-ҳаво шароити туфайли хавфли ҳудудлар ҳисобланмоқда.
«Авиакомпаниянинг барча йўналишларида, барча ташувчилардаги каби, муқобил ёки захира йўналишлар мавжуд», — дея қўшимча қилди у.