Uzbekistan Airways 2025 йилда 7 миллион йўловчи ташишни режалаштирмоқда, дея маълум қилди компания бошқарув раиси Шуҳрат Худойқулов сешанба куни авиаташувчининг 33 йиллигига бағишланган матбуот анжуманида.
«Охирги уч йил ичида компания йўловчи ташиш ҳажмини ҳар йили қарийб 1 млн кишига оширмоқда», — деди у. Компания 2024 йилни рекорд даражадаги 6 007 151 йўловчи (+19 фоиз) билан якунлади. 2023 йилда 5 млн ва 2022 йилда эса 4,2 млн йўловчи ташилган.
Йил давомида 40 416 та рейс амалга оширилди, бу 2023 йилга нисбатан 25 фоизга кўпдир. Юк ташиш ҳажми 59 минг 276 тоннани ёки ўтган йилга нисбатан 22 фоизга кўпни ташкил этган. Ўтган йил якунларига кўра, йўловчи ўриндиқлари бандлик даражаси 83,1 фоизни ташкил этган. 2023 йилда эса бу кўрсаткич 81,1 фоиз бўлган.
Uzbekistan Airways миллий авиакомпания самолёт паркини тўлдиришда давом этди. Компания бешта самолёт, жумладан, иккита ўрта масофага мўлжалланган A320neo, иккита яқин масофага учувчи ATR-72 ва енгил LET L-410 самолётини олди. Бу йилда яна битта L-410 самолётининг келишини кутилмоқда ва тўртта магистрал самолётни харид қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Компания бошқаруви раисининг савдо ва туризм бўйича ўринбосари Шухрат Ядгаровнинг маълум қилишича, ҳозирда компания хорижга 91 та йўналиш ва мамлакат ичида 8 та йўналиш бўйича парвозларни амалга оширмоқда. Ўтган йили авиакомпания парвоз географиясини кенгайтириб, бир қатор янги йўналишларни қўшди ҳамда Рим, Мумбай ва Лаҳорга парвозларни қайта тиклади. Шунингдек, мавжуд машҳур йўналишларда парвозлар сони оширилди.
Ушбу қишки мавсумда Uzbekistan Airways талаб паст бўлишига қарамай, Париж ва Токио йўналишларида парвозларни сақлаб қолди. «Биз барча йўловчиларнинг ишончини қозонишга интиламиз ва Uzbekistan Airways нафақат ёзги мавсумда яхши ривожланган йўналишлар тармоғига эга авиакомпания эканини, балки қишки мавсумда ҳам қитъалар ва шаҳарларни боғлашда давом этаётганимизни кўрсатмоқчимиз», — деди Шухрат Ядгаров.
2025 йилда авиакомпания янги рейсларни очишни (масалан, Фарғонадан Деҳлига) ва аввалги рейсларни қайта тиклашни (апрелдан Мадридга) режалаштирмоқда. Баҳорда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида визасиз режимнинг жорий этилиши Тошкентдан Шэньчжэньга йўналишни очиши кутилмоқда.