Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмат йўлга қўйилади. Бу ҳақда 28 январь куни Шавкат Мирзиёев танишган ижтимоий ёрдамларнинг манзиллилигини ошириш, ногиронлиги бўлганларни парваришлашнинг янги тизимига оид тақдимотда таклиф этилган.
Хизмат 3−18 ёшдаги ногиронлиги бўлган болаларни қамраб олади. Унга болалар ота-оналар билан тузилган ижтимоий шартнома ҳамда Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаси асосида қабул қилинади.
2025 йил якунига қадар бу хизматлар билан 2 мингга яқин оғир ногиронлиги бўлган болаларни қамраб олиш режалаштирилмоқда. Бу уларнинг оналари учун ишлаш ва таълим олиш каби имкониятлар яратиб, оила фаровонлигига хизмат қилиши қайд этилган.
«Болалар саломатлиги» ахборот тизими ишга туширилиб, ҳар бир фарзандга қўйилган ташхис таҳлил қилиб борилади. Уларга тиббий, реабилитaция, таълим, ижтимоий хизматлар комплекс равишда кўрсатилади.
Бундай муассасаларга ҳар бир бола учун субсидия ва харидлар учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Ота-оналарнинг кундузги парвариш хизматидан фойдалангани учун ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловларидан солиқ олинмайди.
Бундан ташқари тақдимотда «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» орқали ижтимоий ёрдамлар «Камбағал оилалар реестри»га кирган оилаларга кўрсатилиши белгиланмоқда. Бунда маблағларни туман ва шаҳарлардаги аҳоли, ногирон шахслар ва камбағал оилалар сонига мутаносиб равишда тақсимлаш тартиби жорий этилмоқда.
Оиланинг камбағал деб эътироф этилиши унинг аъзоларидан қўшимча ариза ва ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда ижтимоий ёрдамлар кўрсатилишига асос бўлади.
Шу билан бирга, самарасиз ва талаб юқори бўлмаган ижтимоий ёрдамлар мақбуллаштирилиб, 28 турдаги ижтимоий ёрдамнинг ягона рўйхати тасдиқланади. Ижтимоий дафтарлар ҳисобидан ажратиладиган даволаниш ва жарроҳлик амалиёти харажатларини Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали молиялаштириш тартиби жорий этилади.
Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида юридик шахс бўлмаган «Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик» жамғармалари ташкил этилади. Унинг маблағлари ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-амалий ва инфратузилмавий муаммоларини бартараф этиш, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва спортни ривожлантириш, экология ва атроф-муҳитни асраш тадбирларига сарфланади.
Тақдимотда оилаларни камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиш тадбирлари ҳақида ҳам ахборот берилди.
Бу жараён «етти имконият ва масъулият» тамойили асосида ташкил қилинган. Оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, даромади ва мулкни баҳолайдиган «Камбағал оилалар реестри» ахборот тизими ишга туширилган.
Шу асосида, 48 минг фуқаро ишга жойлаштирилди, 10 мингдан зиёди касбга ўқитилди, 14 минг нафарига кредит ва субсидиялар ажратилди. 140 минг оилага шифокорлар бириктирилди, 38 минг фуқарога ижтимоий хизматлар кўрсатилди. 32 минг бола боғчага жойлаштирилиб, қарийб 7 минг ёшлар кириш имтиҳонига тайёрлаш учун университетларга бириктирилди.
Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, камбағаллик реестрини оилаларнинг меҳнатга лаёқатига қараб табақалаштириш, меҳнатга лаёқатли бўлмаганларни давлат ижтимоий ҳимоясига олиш, уларни ижтимоийлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.