Колумбия округи судьяси АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг федерал грантлар ва кредитлар, шунингдек, бошқа молиявий ёрдам дастурлари ажратилишини музлатиш ҳақидаги қарорини 3 февралгача тўхтатиб қўйди, деб хабар бермоқда CBS News.

Суд томонидан эълон қилинган пауза фақат «очиқ грантлар», яъни ҳукумат аллақачон ўтказиши керак бўлган маблағларга тегишли.

Судья Лорен Алихоннинг таъкидлашича, унинг қарори нотижорат ташкилотларнинг Оқ уйга қарши даъволарини кўриб чиқаётган пайтда «статус-квони сақлаб қолиш» учун қилинган.

Оқ уйнинг бошқарув ва бюджет идораси душанба куни кечқурун департаментларга федерал ёрдам харажатларини музлатиш тўғрисида меморандум юборди. Янгилик кутилмаган бўлди ва «мамлакат бўйлаб ташкилотлар тартибсизлигига олиб келди», деб ёзди CBS News.

Сешанба куни кечқурун кучга кириши керак бўлган меморандум агентликлардан барча молиявий ёрдам дастурларини президент сиёсати ва устуворликларига мос келишини таъминлаш учун кўриб чиқишни талаб қилади.

«Федерал идоралар барча федерал молиявий ёрдам мажбуриятлари ёки тўловлари билан боғлиқ ҳамма ҳаракатларни, жумладан, аммо фақат шулар билан чекланмаган ҳолда, хорижий давлатлар, нодавлат ташкилотлар, хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивлик дастурлари (diversity, equality and inclusion, DEI), янги гендер мафкураси (woke gender ideology) ва «янги яшил келишув»га молиявий ёрдамни вақтинча тўхтатиб туриши керак», — дейилади ҳужжатда.

Medicare дастури ёки ижтимоий таъминот бўйича имтиёзлар бундан мустасно, дея аниқлик киритилади меморандумда.

АҚШ Сенатидаги Демократик партия фракцияси раҳбари Чак Шумер Трамп маъмурияти қарорини қоралаб, уни хавфли, бузғунчи ва шафқатсиз деб атади. «Бу ноқонуний, бу конституцияга зид», — деди Шумер.

Нотижорат ташкилотлардан ташқари, 22 штат ва Колумбия округи бош прокурорлари ҳам Оқ уй қарорига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди.