Саудия Арабистонининг иккинчи йирик шаҳри Жиддада Ислом санъати биенналеси очилди. And All That Is In Between («Ва ўртадаги ҳаммаси») шиори остида ўтказилаётган кенг кўламли кўргазма эътиқод феномени, унинг ижод ва турли маданиятларда намоён бўлишини ўрганишга чорлайди. Иштирокчи давлатлар орасида Тунис, Мали, Индонезия ва бошқа давлатлар бор.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Биенналеда иккинчи бор Ўзбекистонни намойиш қилаётган Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташриф буюрувчиларни нодир қўлёзма ва артефактлар коллекцияси билан таништирмоқда. Улар орасида Катталангар Қуръони (VIII аср), муаллифи давлат арбоби, мутафаккир ва астроном Мирзо Улуғбек ҳисобланмиш XVI асрга оид «Зиж-и Улуғбек»нинг астрономик жадваллари, Ал-Берунийнинг «Ат-Тафҳим ли Аваъил Синоъат ат-Танжим» («Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар») мунажжимлик ва самовий ҳисобларга оид фундаментал матни (XIII аср), шунингдек, Тошкент саҳифалари (XVI аср) мавжуд. Жамғарманинг расмий хабарида сўнггиси «Бухоро дурдонаси, давлат ва маданият тараққиётига оид муҳим ҳужжатларни ўз ичига олган, даврнинг бадиий ва интеллектуал ютуқларини намойиш этувчи асар» сифатида тилга олинади. Музей экспонатларининг бир қисми Ўзбекистондан ташқарида илк бор намойиш этилмоқда.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

«Бизнинг [Ислом санъати биенналесида] иштирок этишимиз Ўзбекистоннинг ислом меросини асраб-авайлаш ва тарқатишга содиқлигини тасдиқлайди. Катталангар Қуръони, Ал-Берунийнинг „Ат-Тафҳим“ асари каби бойликларни намойиш этиш маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлайди, бадиий ва илмий анъаналаримиз жаҳон миқёсида эътироф этилишига хизмат қилади», — дейди жамғарма раиси Гаянэ Умерова.

Берлинда яшаб ижод қилаётган таниқли рассом Тимо Нассерининг Echoes of the Skies инсталляциясида Ўзбекистоннинг маданий мероси ўз ифодасини топган. Уни тадбирда иштирок этиш учун ташкилотчилар Дирия биенналеси фонди (Diriyah Biennale Foundation) таклиф қилган. Ҳақиқатни абадий излаш ҳақидаги кўзгу инсталляцияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланадиган XVI асрга оид Бухоро меъморий чизмаларидан илҳомланган.

Жиддадаги Қирол Абдулазиз халқаро аэропортининг Ҳаж терминалида ташкил этилган Ислом санъати биенналеси 25 майга қадар давом этади.