Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакат ҳукуматига жаҳондаги оғир иқтисодий вазият шароитида маблағларни тўлиқ тежашга ўтишни буюрди.
«Қанчалик қийин бўлмасин, ҳукумат маблағ бутунлай тежалиши ва фақат энг долзарб муаммоларни ҳал қилишга сарфланишини таъминлаши керак. Белни маҳкам боғлаб, имкониятга яраша яшаш вақти келди», — деди Тоқаев 28 январь куни Вазирлар маҳкамаси йиғилишида.
Қозоғистон раҳбари тариф можаролари ва санкция қарама-қаршилиги жаҳон иқтисодиётининг «янги ҳақиқатига» айланиб бораётганини ва бу тенденциялар «оғир оқибатларга олиб келиши»ни таъкидлади. Ҳозирги геосиёсий воқеликда мамлакат энг яқин қўшнилари билан ҳамкорликнинг «янги босқичи»га ўтиши керак, дея қўшимча қилди Тоқаев.
«Гап минтақа ва Қозоғистоннинг рақобатдош устунликларини мустаҳкамлайдиган Марказий Осиё давлатлари, ЕОИИ ҳақида бормоқда. Ҳукумат саноат, транспорт ва логистика, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиши керак», — деди у.
Тоқаев, шунингдек, ҳукуматга янги тариф сиёсатини давом эттириш бўйича топшириқ берди ва тарифлар бозор шароитларига мос келиши кераклигини таъкидлади — «акс ҳолда электр, иссиқлик ва сувни узлуксиз етказиб бериш имконсиз бўлиб қолади».
«МДҲнинг деярли барча давлатларида электр энергияси, газ ва нефть маҳсулотларига тариф ва нархлар Қозоғистонникидан юқори ва бу ҳолат иқтисодиётимизда бузилиш ва мувозанатсизликка олиб келади. Бу ҳақиқат ва биз буни яширмаслигимиз керак», — деди у.
Тоқаев ўз нутқида Қозоғистон энергетика соҳасига тўхталди. Унинг сўзларига кўра, энергия тақчиллиги кучайиб бораётган бир шароитда ҳукумат биринчи атом электр станцияси қурилишини тезлаштириши ва мамлакатда ядро кластерини яратишни бошлаши керак.
«Мен ҳукумат ва парламентдан иккинчи атом электр станцияси қурилиши бўйича таклифлар кутаман. Яна бир бор таъкидлайман: мамлакатимиз атом энергетикасига муҳтож, бусиз Қозоғистоннинг изчил ривожланиши сўроқ остида қолади», — деди у.
Тоқаев давлат аппаратининг асосий вазифаси сифатида фуқароларнинг «шошилинч муаммоларини» ҳал этишни кўрсатди ва давлат органларидан «хатолар устида пухта ишлашни» талаб қилди. «Ўз вақтида ва сифатли ахборотлаштириш ишлари олиб борилганда кўплаб муаммоларни, жумладан, жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган муаммоларни профилактик тарзда ҳал этиш мумкин бўларди. Шунинг учун пухта ўйланган коммуникация стратегияси зарур», — деди Қозоғистон президенти.