Сурхондарё, Наманган ва Андижонда қўшни давлатлардан олиб келинган гиёҳванд моддалар айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи фуқаро ва унинг Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи жиноий шериги 3 кг 849 гр опий моддасини Самарқанд вилоятига сотиш мақсадида олиб келган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди. Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси муқаддам тожикистонлик наркокурер томонидан Денов тумани ҳудудига контрабанда йўли билан етказиб берилган.

Наманган вилоятининг Поп туманида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент-Наманган йўналишида ҳаракатланаётган, Чуст туманида яшовчи шахс бошқарувидаги Дамас русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада унинг салон қисмига яшириб қўйилган 2 кг 436 гр гашиш моддаси аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Маълум бўлишича, у муқаддам тожикистонлик наркокурьерлар томонидан айланма йўллар орқали Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудига олиб келиниб, хуфия жойга қолдириб кетилган ушбу гиёҳвандлик воситасини олиб, қайтаётган бўлган.

Бошқа ҳолатда эса Наманган-Андижон йўналишида ҳаракатланган Cobalt русумли автомашина Андижон шаҳрида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган — Қирғизистон фуқароси, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахсга тегишли 1 кг 702 гр гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув давомида у Қирғизистон контрабанда йўли билан Наманган вилоятига олиб келган ушбу наркотик моддани Андижон шаҳрида сотишни режалаштирганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.