Президентнинг «Фарғона вилоятидаги олий таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ҳудуддаги айрим университетлар қайта ташкил этилади, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, Фарғона политехника институти ва Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали негизида Фарғона давлат техника университети ташкил қилинади.

Қўқон давлат педагогика институти, Тошкент давлат техника университети Қўқон филиали ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Фарғона минтақавий филиали негизида эса Қўқон давлат университети очилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Фарғона филиалини қўшиб юбориш йўли билан Фарғона давлат университети ташкил этилади

Қарор билан 2025/2026 ўқув йилидан мазкур университетларнинг малака талаблари ва ўқув дастурлари юқори 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларининг дастурлари асосида ишлаб чиқилади. Шунингдек, иқтидорли талабалар учун дарслар хорижий тилларда ўқитиладиган алоҳида гуруҳларда ташкил этилади.

Фарғона давлат техника университетида Илғор муҳандислик мактаби ва «спин-офф» корхоналари фаолияти ташкил этилади ҳамда йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотлари саноат ҳамкори сифатида бириктирилади.

Тугатилаётган олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини янгидан ташкил этилган тегишли университетларда давом эттиради.

Аввалроқ Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, ТАТУ Қарши филиали ва ТКТИ Шаҳрисабз филиали негизида Қарши давлат техника университети ташкил этилиши хабар қилинганди.