2024 йилда Ўзбекистонда инфляцияни ҳисобга олмаган ҳолда ўртача ҳисобланган номинал иш ҳақи йиллик кўрсаткичда 17,4% (2023 йилга нисбатан) — 4,56 миллион сўмдан 5,36 миллион сўмга ўсди, дейилади президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида.

статистика, статистика агентлиги, ўртача иш ҳақи

Ўтган йилдаги инфляцияни (9,8%) ҳисобга олган ҳолда иш ҳақининг реал ўсиш суръати 6,9% ни ташкил этди.

Ўсиш аввалги йилларга нисбатан бироз секинлашди. Таққослаш учун: 2023 йилда номинал иш ҳақи 17,5% (инфляция 8,8%) ошган, 2022 йилда — 20,7% (12,2%), 2021 йилда — 20,2% (10%), 2020 йилда — 15% (11,1%), 2019 йилда — 27,5% (15,2%), 2018 йилда — 25% (14,3%).


Йил
Номинал иш ҳақининг ўсиш суръатлари
Инфляция
Иш ҳақининг реал ўсиш суръатлари
2018
25
14,3
9,4
2019
27,5
15,2
10,7
2020
15
11,1
3,5
2021
20,2
10
9,3
2022
20,7
12,2
7,6
2023
17,5
8,8
8,0
2024
17,4
9,8
6,9

Манба: Статистика агентлиги / «Газета.uz» ҳисоб-китоблари

Номинал ҳисобланган иш ҳақи — бу жисмоний шахсларга иш ҳақи кўринишида пул шаклида ҳисобланган даромадлар бўлиб, улар солиқлар ва бошқа тўловларни (устамалар, мукофотлар, мукофот пуллари, компенсациялар, ортиқча ишлаган соатлар учун тўловлар) ўз ичига олади. Ушбу иш ҳақи иш берувчи томонидан ходимнинг муайян вақт давридаги (соат, ой, йил) бажарилган иши ёки кўрсатилган хизмати учун ҳисоблаб чиқилади.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача номинал иш ҳақи Тошкент шаҳрида сақланиб қолди. Йиллик ҳисобда 21,4% (2023 йилдаги 22,3% га нисбатан) — 8,12 миллион сўмдан 9,07 миллион сўмга ўсди.

статистика, статистика агентлиги, ўртача иш ҳақи

Кейинги ўринларда Навоий вилояти — ўсиш 5,89 млн дан 6,77 млн сўмгача (15,1% га нисбатан +15%), Тошкент вилояти — 4,53 млн дан 5,1 млн сўмгача (14,5% га нисбатан +12,2%), Андижон вилояти — 3,98 млн дан 4,62 млн сўмгача (17,3% га нисбатан +14,9%) ва Бухоро вилояти — 3,88 млн дан 4,34 млн сўмгача (17% га нисбатан +12%).

Номинал ўртача иш ҳақи бўйича охирги ўринни Қашқадарё вилояти эгаллаб турибди — 3,37 млн дан 3,78 млн сўмгача ошди (14,5% га нисбатан 12,2%).

Энг паст кўрсаткичлар ушбу вилоятларда ҳам кузатилмоқда: Сурхондарё — 3,81 млн сўм (+12,4%), Наманган — 3,87 млн сўм (+16,5%), Фарғона — 3,96 млн сўм (+15,1%), Жиззах — 3,98 млн сўм (+14,5%).

Пойтахт ва ҳудудлар иш ҳақлари ўртасидаги фарқ кенгайишда давом этмоқда. Хусусан, энг юқори (Тошкент) ва энг паст (Қашқадарё) иш ҳақлари ўртасидаги фарқ 2,25 дан 2,4 бараваргача ошди. 2022 йил охирида бу кўрсаткич 2,18 бараварни ташкил қилган, 2021 йилда — 2,06 баравар, 2020 йилда — 1,97 баравар.

статистика, статистика агентлиги, ўртача иш ҳақи

Фаолият турлари бўйича энг юқори ўртача иш ҳақи банк, молия ва суғурта соҳаларида сақланиб қолмоқда — гарчи ўсиш суръати пасайган бўлса-да (23,7% га нисбатан 14,3%), улар йил давомида 13,32 млн дан 15,26 млн сўмгача ўсди.

Ахборот ва коммуникациялар соҳасида 24,2% — 10,6 млн дан 13,16 млн сўмгача (2023 йилда ўсиш 40,1% ни ташкил этган) ошди, ташиш ва сақлашда — 6,94 млн дан 8,11 млн сўмгача (33,7% га нисбатан 18,5%), саноатда — 5,65 млн дан 6,44 млн сўмгача (15,3% га нисбатан 13,8%).

Иш ҳақи бўйича савдо қурилиш секторини ортда қолдирди — 5,97 млн сўмга (+15,3%) нисбатан 6,23 млн сўм (+24,6%).

Энг паст ўртача ойлик иш ҳақи соғлиқни сақлаш соҳасида сақланиб турибди — 3 млн сўмдан 3,41 млн сўмгача (+13,5%, 2023 йилда — 15,5%), таълим соҳасида — 3,12 млн дан 3,64 млн сўмгача (+16,4%, 16,3%).

статистика, статистика агентлиги, ўртача иш ҳақи

Ўқитувчилар ва шифокорлар иш ҳақининг ўсиш суръати деярли ўзгармади, лекин улар республика бўйича ўртача даражадан паст (17,4%) экани сабабли ушбу соҳалардаги иш ҳақи ва республика даражаси ўртасидаги тафовут ошди.

Хусусан, агар 2022 йилда таълим соҳасида иш ҳақи республика даражасидан 30,8 фоиз пунктига паст бўлган бўлса, 2024 йил якунида соғлиқни сақлаш соҳасида бу фарқ 33 дан 36,3 фоиз пунктига кўтарилди.

статистика, статистика агентлиги, ўртача иш ҳақи

Ноябрь ойи охирида депутат Қизилгул Қосимова таълим ва тиббиёт ходимларининг маоши пастлиги ушбу соҳалардаги хизматлар сифатига таъсири қилишидан хавотир билдирганди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бу масала ҳамон мураккаблигича қолаётганини таъкидлаган.

«Иш ҳақининг қанчаси кўп ёки қанчаси кам эканининг ўзи ҳам жуда мураккаб саволдир. Эҳтимол, шифокорларни сертификатлаш, уларнинг малакасини баҳолаш керакдир. Бу йил ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақи 15 фоизга ошди. Сўнгги 6−7 йил ичида барча соҳаларда иш ҳақи сезиларли даражада ўсди. Лекин президентимиз бу миқдор етарли эмас деяптилар. Бу ҳам ўқитувчилар, ҳам соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари учун тегишли», — деганди у.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбари «иш ҳақини ошириш самарадорлиги» масаласини мураккаб дея баҳолаган.

«Савол шундаки, агар биз барча ходимларнинг иш ҳақини 15 фоизга, 40 фоизга ёки 50 фоизга оширсак, бу кутилган натижани берадими? Замон билан ҳамнафас, юқори малакали, ўз ишини сидқидилдан бажараётган тиббиёт ходимларининг ойлик маошини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Очиғини айтсам, ҳозир бизда ечим йўқ, акс ҳолда буни айтган бўлардик. Биз бунинг устида ишлаяпмиз. Мен ўз фикримни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Асосий муаммо кимга ва нима учун юқори маош тўлаш кераклигини аниқлашдир. Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз», — деганди Жамшид Қўчқоров.