Ўзбекистонда этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш тартиби белгиланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш, идишларга қуйиш, сақлаш ва улгуржи сотишни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Унга кўра, низом қуйидагиларни назарда тутади:
- ишлаб чиқарилган истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ҳисобга олиш;
- истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва улгуржи сотиш ҳисобини юритиш;
- истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қуйиш, сақлаш ва улгуржи сотишни назорат қилиш.
Мазкур низом талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади:
- истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Ўзбекистон резидентлари ҳисобланган юридик шахсларга;
- истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотлари учун техник регламентда назарда тутилган маҳсулотларга.
Алкоголь маҳсулотларини чет элда ишлаб чиқарилган истеъмол этил спирти ҳамда техник этил спиртидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш тақиқланади.
Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи субъектлар (корхоналар) ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ микробиологик, физик-кимёвий ва технологик назоратни амалга оширишлари шарт.
Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмининг ҳисобини юритиш маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асосий хомашёлар киримидан бошлаб, тайёр маҳсулотларни сақлаш омборларига жойлаштириш ва реализация қилиш жараёнларини қамраб олиши лозим.