Давлат солиқ қўмитаси Alibaba Cloud компанияси Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганини маълум қилди.
Қўмитанинг маълум қилишича, аввалроқ Alibaba Group (Alibaba.com) компаниясига расмий сўров юборилган. 28 январь куни Alibaba Cloud (Singapore) Private Limited булутли ҳисоблаш соҳасида фаолият юритувчи халқаро компанияси tax.uz ҚҚС-офиси орқали Ўзбекистонда кўрсатилаётган электрон хизматлар бўйича ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган.
Қўмита Ўзбекистонда электрон шаклдаги хизматларни кўрсатувчи чет эл компаниялари жисмоний шахсларга кўрсатилаётган бундай хизматлар бўйича ҚҚС тўловчиси ҳисобланишини эслатган. Шунингдек, ДСҚ томонидан электрон тижорат билан шуғулланувчилар фаолиятини легаллаштириш борасида амалий ишлар давом эттирилаётгани таъкидланган.
Ҳозирда Ўзбекистонда 65 та чет эл интернет-компаниялари рўйхатдан ўтган.
Маълумот ўрнида, Alibaba Cloud булутли хизматлар компанияси бўлиб, у Alibaba Group`нинг шуъба корхонаси ҳисобланади. Alibaba Cloud онлайн бизнес ва Alibaba`нинг электрон тижорат экотизимлари учун булутли ҳисоблаш хизматларини тақдим этади. Компания бош қароргоҳи Сингапурда жойлашган.