Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Вашингтон шаҳридаги Рональд Рейган номидаги аэропорт ҳудудида юз берган фожиали авиаҳалокат юзасидан АҚШ президенти Дональд Трампга таъзия мактуби йўллади.
Давлат раҳбари матбуот котибининг ёзишича, президент марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун Америка халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этган.
Эслатиб ўтамиз, American Airlines`нинг Bombardier CRJ700 самолёти 60 нафар йўловчи билан ҳалокатга учради. У Вашингтоннинг Рейган номидаги миллий аэропорти яқинида АҚШ армияси вертолёти билан тўқнашиб, Потомак дарёсига қулаб тушди.
Дастлабки маълумотларга кўра, самолётда 60 нафар йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоси бўлган. Вертолётда камида уч киши бўлган бўлиши мумкин. Дарёда қутқарув ишлари олиб борилмоқда, сувдан кўплаб жасадлар чиқариб олингани ҳақида хабарлар мавжуд.
Расмийлар бортдагиларнинг бирортаси омон қолмаган бўлиши мумкинлигини билдирди. Сўнгги маълумотларга кўра, фавқулодда вазиятлар органлари ҳозиргача 28 кишининг жасадини топган.
Самолёт бортида фигурали учиш бўйича ҳамжамиятнинг бир нечта аъзолари бўлган, дейилади АҚШ фигурали учиш ташкилоти баёнотида. Бундан мустақил равишда, Россия давлат ахборот агентлиги самолётда фигурали учиш бўйича россиялик икки нафар жаҳон чемпиони бўлганини айтди.