АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги Рейган миллий аэропорти яқинида йўловчи самолёти вертолёт билан тўқнашди.
The Washington Post хабарига кўра, American Airlines`нинг бортида 60 нафар йўловчи бўлган Bombardier CRJ700 самолёти АҚШ қуролли кучларининг Sikorsky H-60 Black Hawk вертолёти билан тўқнашиб, Потомак дарёсига қулаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, самолётда 60 нафар йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоси бўлган. Вертолётда камида уч киши бўлган бўлиши мумкин. Дарёда қутқарув ишлари олиб борилмоқда, сувдан кўплаб жасадлар чиқариб олингани ҳақида хабар берилмоқда.
Аэропорт ёпилди, барча рейслар Балтимор-Вашингтон халқаро аэропортига йўналтирилди.
АҚШ президенти Дональд Трамп вазиятни кузатаётганини маълум қилди. У қутқарувчиларга амалга оширилган ишлар учун миннатдорчилик билдирди.
Газетанинг ёзишича, 2023 йилдан бери аэропорт ҳудудида ҳарбий вертолётларнинг самолётлар билан тўқнашиши мумкин бўлган бир нечта хавфли ҳолатлар содир бўлган.