ҲАМАС 30 январь куни гуруҳ ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим доирасида уч нафар исроиллик гаровга олинганларни ва беш нафар таиландлик фуқарони Қизил хочга топширди, деб хабар бермоқда CNN ва The Times of Israel. Улар Ғазода 482 кун асирликда бўлди.

Барча озод қилинганлар аллақачон Исроил ҳудудида. Таиланд фуқаролари мамлакат ҳукумати вакилларига топширилади, дея аниқлик киритди Исроил Мудофаа армияси.

Исроил томонининг маълумотларига кўра, асирликдан қайтган исроилликларнинг уч нафари — ҳарбий хизматчи Агам Бергер (20 ёш), Нир-Оз Арбель Йеҳуд (29) ва Гади Мозес (80). Исроил, шунингдек, Таиланд фуқароларининг исмларини ҳам тилга олди: Понгсак Танна, Сатьян Суваннакҳам, Ватчара Сриуан, Баннават Ситҳо и Сурасак Ламна.

CNN ва The Times of Israel нашрларининг хабар беришича, Хон Юнусдаги озод қилиш жараёни тартибсиз равишда кечган. Гаровга олинганлар атрофида оломон тўпланган, қуролланган гуруҳ аъзолари уларни шу оломон орасидан олиб ўтишган.

Бунга жавобан Исроил 110 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилиши керак эди, аммо мамлакат ҳукумати гаровга олинганларнинг «хаотик топширилиши»га қарши норозилик белгиси сифатида жараённи кечиктирди.

«Озод қилиш пайтида олинган ҳайратланарли кадрларга жуда жиддий қарайман. Бу ҲАМАС террорчилик ташкилотининг ақл бовар қилмайдиган шафқатсизлигининг яна бир исботидир. Мен воситачилардан бундай таҳдидлар бошқа такрорланмаслигини кафолатлашни ва ўғирланганларнинг хавфсизлигини таъминлашни талаб қиламан», — деди Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу.

  • Исроил ва ҲАМАС Қатар, АҚШ ва Миср воситачилигида 17 январь куни ярашув ва гаровга олинганларни озод қилиш тўғрисида битим тузганди. Битим уч босқични ўз ичига олади, уларнинг биринчиси 42 кун давом этади. Бу даврда ҲАМАС барча аёллар (аскарлар ва фуқаролар), болалар ва 50 ёшдан ошган эркакларни ўз ичига олган 33 нафар гаровга олинганларни озод қилади. Бунинг эвазига Исроил юзлаб фаластинлик маҳбусларни қамоқдан чиқаради ва ўз қўшинларини олиб чиқади.
  • Уч нафар гаровга олинганлар озод қилинган айирбошлашнинг биринчи раунди 19 январь куни, иккинчиси эса 25 январда бўлиб ўтди. Шундай қилиб, ҲАМАС тўрт кишини озод қилди. Исроил ҳукумати маълумотларига кўра, ўғирлаб кетилган 33 кишидан саккиз нафари ҳалок бўлган.