Ўзбекистонда ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган жами 800 мингдан ортиқ шахслар рўйхати шакллантирилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова маълум қилди.
Унинг айтишича, 2023 йилнинг 30 март кунидан маҳалла еттилигининг ўзига хос ҳамкорлигида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал этишга қаратилган ижтимоий профилактика тадбирлари йўлга қўйилган.
«Қисқа муддатда ушбу тизим ўзининг ижобий натижасини кўрсатди», — деди Музифа Султонова
Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрь кунидаги 801-сонли қарори қабул қилиниб, бу қарор билан Ижтимоий профилактика чора-тадбирларини амалга оширишда, «маҳалла еттилиги»нинг ҳар бир вакилига аниқ вазифа белгиланиб, аҳолини ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашувчи субьектлар бириктирилган.
Натижада 2024 йил давомида профилактика инспекторлари ва маҳалла вакиллари томонидан уйма-уй юриш орқали, ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган жами 800 мингдан ортиқ шахслар рўйхати шакллантирилган, уларнинг 588 мингдан ортиғига хулосалар берилиб, маҳалла вакиллари томонидан 400 мингдан ортиқ фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилган.
«Газета.uz» Музифа Султоновага бу қанақа рўйхат экани, ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори деган жумла нимани англатиши, бундай рўйхат тузилиши ўша фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол этиши ёки йўқлиги, неча нафар фуқаро ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори деб топилганини сўраб мурожаат қилди.
Унинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг 801-сонли қарори билан белгилаб ўтилган ижтимоий профилактика тадбирлари ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатишда амалга ошириладиган тадбирлар мажмуи ҳисобланади.
Мазкур қарор билан тасдиқланган низомга кўра, ижтимоий профилактика тадбирлари қуйидаги шахсларга нисбатан амалга оширилади:
а) ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли бўлган шахслар:
- банд бўлмаган ёки доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз шахслар;
- спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки инсон ақл-иродасига таъсир этувчи бошқа моддаларга қарам бўлиб қолган шахслар;
- қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга ружу қўйган шахслар;
- ғайриижтимоий хулқ-атворли шахслар;
- қаровсиз ва назоратсиз қолган вояга етмаганлар;
- ишсиз ёшлар ва мактаб битирувчилари;
- давлат кўмагига муҳтож «оғир» тоифадаги ёшлар;
- ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар;
- ажрим ёқасига келиб қолган ва низоли оилалар;
- ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар;
- мунтазам тазйиқ ва зўравонликка учраб келаётган хотин-қизлар;
- жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ва профилактик ҳисобда турган шахслар;
- оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар;
- тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган шахслар;
б) ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли бўлган шахслар:
- парваришга муҳтож ёлғиз кексалар;
- ногиронлиги бўлган ва оғир касалликка чалинган шахслар.
Музифа Султонованинг қайд этишича, бу рўйхатдаги шахсларга фақат ёрдам кўрсатилади. Мазкур рўйхатга тушган фуқароларнинг муаммолари ўрганилган ҳолда ижтимоий мослаштириш дастури ишлаб чиқилади ҳамда «маҳалла еттилиги» вакиллари томонидан уларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилади.
«Бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол этилмайди, аксинча, „маҳалла еттилиги“ вакиллари томонидан ўзи хизмат олиб борувчи маҳаллада яшовчи шахсларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш орқали соғлом турмуш тарзига қайтаришга қаратилган чора-тадбирлар [кўрилади], яъни уларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилади», — дея таъкидлади у.
Музифа Султонова, шунингдек, АОКАда ўтказилган брифингда президентнинг 2025 йил 3 январдаги «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишини айтди.
Мазкур қарор билан масъул идора ва ташкилот вакилларининг маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш устувор вазифа этиб белгиланган. Шунингдек, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни барвакт олдини олишга қаратилган манзилли чора тадбирлар дастури тасдиқланган ва ҳар чоракда вилоят, туман ва маҳалла даражасидаги «йўл хариталари» ишлаб чиқилиши белгилаб қўйилган.
Хусусан, Бош прокуратура ҳузурида республика, шунингдек ҳудудий ва туман-шаҳар даражасида идоралароро мувофиқлаштирувчи штаблар ташкил этилган ва улар томонидан қарор билан белгиланган «йўл хариталари»нинг вилоят, туман-шаҳар ва маҳаллалар даражасида ижроси электрон ва ишчи гуруҳлар томонидан жойиларга чиққан холда ўрганиш ишлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, қарор билан 2025 йилда Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларининг криминоген вазияти оғир бўлган 419 та маҳаллаларини ўз ичига қамраб оладиган 84 та маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилади, кейинчалик бу тизим бошқа ҳудудларга ҳам тадбиқ этилади.
Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларида ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари, Миллий гвардиянинг психолог-инспекторлари ҳамда тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар ҳамкорлигида хизмат олиб боради, жамоат ҳавфсизлигини таъминлаш ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича тезкор ҳаракатланиш тизими жорий этилади. Масканда профилактика бош ва кичик инспекторлари лавозимлари жорий этилиб, бевосита раҳбар этиб профилактика бош инспектори белгиланади.
Шунингдек, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканига 5 тагача маҳалла бириктирилиб, бош инспекторга маҳалла бириктирилмайди, у маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича кунлик ишни самарали ташкил этиш ҳамда маскан фаолиятига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан масъул деб белгиланган.
Бундан ташқари, меҳнат мигрaциясидан қайтиб келган фуқаролар, мактаб битирувчилари ҳамда талабалар билан ижтимоий профилактика чоралари доирасида маҳаллаларда манзилли ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида, ҳуқуқ-тартибот масканида профилактика кичик инспекторлари лавозимлари жорий этилиб, улар томонидан миграцияда юрган ва қайтиб келган фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари таркибида миграцион профилактика гуруҳлари ташкил этилиб, улар масъул идоралар билан ҳамкорликда миграцион прфилактика чора-тадбирлари билан шуғулланади.
Қарорга биноан, аҳоли мурожаатлари билан самарали ишлаш, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ ҳимоя қилиш мақсадида маъмурий амалиёт гуруҳлари ташкил этилиб, уларга бу йўналишда кунлик таҳлилни юритиш, суд ва бошқа тегишли органлар билан таққослов ишларини амалга ошириш вазифаси юклатилиб, бу борада улар қароларни қабул қилиш ва ички ишлар органларига келиб тушган мурожаатлар белгиланган муддатларда кўриб чиқилишини таъминлайди.
Йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш борасида асосий эътибор йўл инфратузилмасини яхшилаш, пиёдалар ва ҳайдовчилар маданиятини оширишга қаратилади.
Пробация назоратидаги шахслар билан ишлашда ҳам асосий эътибор улар ижтимоий мослаштиришга қаратилади, яъни уларнинг бандлигини таъминлаш, кичик бизнесга, хусусий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка жалб этиш чоралари кўрилади.