Тошкент вилояти Пискент туманидаги 7-сон давлат мактабгача талим муассасасида кобра илонлари билан томоша кўрсатган шахсларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Milliy телеканалининг Millar дастурида хабар берилди.

Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тарбияланувчиларга ҳозирда ноёб, Қизил китобга киритилган Ўрта Осиё кобралари билан томоша уюштирилгани, бунда боғча маъмурияти томонидан болаларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлик чоралари таъминланмаганини билдирган.

Ўша куни боғча ходимлари ота-оналар билан очилган Telegram гуруҳга цирк томошасининг видеосини юборган. Буни кўрган болалардан бирининг бувиси ҳолат юзасидан Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.

Бошқарманинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, томоша «Тошкент» ҳаваскорлик цирк жамоаси ходими Ҳ.А. ва унинг шериги томонидан кўрсатилган. У ўқув йили бошида туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига цирк томошаларини намойиш қилиш бўйича хат ва дастур билан мурожаат қилган.

Бироқ бўлим раҳбари ўринбосари дастур билан тўлиқ танишмай унга рухсат берган. У ҳолатга эътиборсизлик қилгани учун ишдан олинди.

Суд ҳукми билан, Ҳ.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200−1-моддаси (Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш) билан айбли деб топилди. Унга шу моддага асосан БҲМнинг 10 баравари (3 млн 750 минг сўм) миқдорида жарима жазоси қўлланди. Унинг шериги ҳам жарима жазосига тортилди.

Экология вазирлиги иккита заҳарли кобра Тошкент ҳайвонот боғига топширилганини маълум қилган.