Ўзбекистонда бир сотихда 5 миллион сўмдан юқори расмий даромад олаётган деҳқонларга ер солиғининг 90 фоизи кешбэк сифатида қайтариб берилади. Бу ҳақда 30 январь куни Шавкат Мирзиёев ўтказган томорқада ва ижарага берилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бўйича йиғилишда қайд этилди.

Янги тизимга кўра, аксинча, томорқасига экин экмаганлардан ер солиғи оширилган миқдорда ундирилади.

Бундан ташқари, маҳалла ва хонадонларда музлаткич, қадоқлаш, қуритиш, қайта ишлаш омборлари ва иссиқхоналар қурилиб, аҳолига 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан тайёр ҳолда берилади. Томорқа хизматларини йўлга қўйган тадбиркорларга 7 йил муддатга 17,5 фоизли имтиёзли кредит ажратилади.

Аҳоли ва деҳқонларнинг энг намунали лойиҳалари учун ҳар йили 20 миллиард сўмлик грантлар эълон қилинади. Бунда 500 та маҳалладаги энг зўр лойиҳага 40 миллион сўмдан грант берилади.

Шу билан бирга, маҳаллада экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйиб берган уста-деҳқонларга 100 миллион сўмгача, қисқа муддатли ўқув курсини ташкил қилганларга 5,5 миллион сўм субсидия ажратилади. Сув таъминоти оғир жойларда ёмғир сувини тўплаш ва сақлаш сиғимини қуриш харажатининг ярми қоплаб берилади.

Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаларига кредит ажратишда гаров талаб қилинмайди. Бунда суғурта полисининг ўзи етарли бўлади. Деҳқонларга ортиқча ҳужжатларсиз имтиёзли кредит берилади.

Томорқа ва деҳқон хўжалиги ерлари, уларда етиштирилган маҳсулот ҳисобини юритиш бўйича ҳам янгича тизим бўлади. Бунинг учун йил якунигача томорқалар ва экин ерлари алоҳида таснифланади. Уларда нима экилгани «онлайн маҳалла» платформасига киритилади.

Деҳқонлар ҳамда харидор, қайта ишловчи ва экспортчиларни ўзаро боғлайдиган «маркетплейс» ишга туширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах ва Тошкент вилоятида бўш турган 3 минг 300 гектар ер тажриба тариқасида янгича тартибда ижарага берилади. Бунда, контурлар 3 гектардан 50 гектаргача яхлит ҳолда савдога қўйилиб, 49 йилга ижарага берилади.

Энг муҳими, бу ерлар тупроқ таркиби ва сифати таҳлили, кафолатли сув лимитини энг паст ва энг юқори чегаралари кўрсатилган ҳолда аукционга қўйилади. Бунда, нафақат шу ҳудуддаги, балки бошқа вилоятдаги тадбиркорлар ҳам қатнашиб, ер олиши мумкин бўлади. Аукцион бошланғич нархни пасайтириб бориш ва бир йўла тўлаш шарти билан ўтказилади. У ерларнинг бир қисмига сақлаш ва қадоқлаш қувватлари қуришга ҳам рухсат берилади.

Шунингдек, 2026 йилдан қишлоқ хўжалиги ерлари учун солиқ ҳисоблаш тартиби ҳам ўзгаради. Ижарага берилган ернинг балл-бонитети ошса, тўланадиган солиқ ўзгармайди, аксинча тушиб кетса, солиқ ставкаси 3 карра ошади.