Ижтимоий тармоқларда Тошкент марказида номаълум шахслар қизни ўғирлаш мақсадида мажбуран машинага ўтқазаётгани акс этган видео тарқалди. Пайшанба куни пойтахт ИИББ матбуот хизмати 2024 йил 1 ноябрь куни содир бўлган воқеа тафсилотларини маълум қилди.

Бошқарма маълумотларига кўра, 20 ёшли Индира исмли қизни 30 ёшли Амал исмли йигит ва уч таниши: Михаил, Усмон ва Умид ўғирлаб кетган. Бу жабрланувчининг уйидан унча узоқ бўлмаган жойда содир бўлган.

одам ўғирлаш, жиноят иши

Видеокузатув камералари уч эркак қизни Cobalt’га мажбурлаб ўтқазаётганини тасвирга олган. Жабрланувчининг сўзларига кўра, машинани унинг собиқ шериги Амал бошқарган. Эркаклардан бири Михаил унинг оёғидан чалган, шундан сўнг қиз йиқилгач, бошига урган ва кўтарган. Ўша кундан бошлаб қизнинг қўлларида чандиқлар бор ва шу кунгача унда зарбадан бош айланиши кузатилади.

«Взгляд.uz» нашри қизнинг тушунтириш хатидан парчаларни келтирган. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолат биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Жуфтлик 2024 йил апрель ойида бирга яшашни бошлаган. Октябрь ойида жанжал пайтида эркак қизнинг бошини шкафга урган, оқибатда у ҳушини йўқотган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига ётқизилганига ва туман ИИБга ариза берилганига қарамай, ўша вақтда ҳолат юзасидан иш очилмаган. Ушбу воқеадан кейин ўғирлаш содир бўлган. Қайд этилишича, эркак ўшанда қизни машинасига ўтқазиб, тоғга олиб кетган ва жиноий қидирув бўлимидан қўнғироқ қилганларга қизнинг видеосини жўнатган ва «ҳаммаси яхши» дейишга мажбурлаган.

2 ноябрь куни эркак ўз отаси ва қизнинг онаси кўз ўнгида жабрланувчини пичоқ билан қўрқитган ва онаси қизини ҳимоя қилмоқчи бўлиб, пичоқни ушлаб олганида, у аёлнинг бармоқларини кесиб юборган. Кейин қизни яна шаҳар ташқарисига олиб чиққан — аввал Ангренга, кейин Янгийўлга, дейилади тушунтириш хатида. У ерда қизнинг иродасига қарши никоҳ маросими ўтказилган. Эркакнинг шериги Михаил очиқдан-очиқ уни ўлдириш билан таҳдид қилган, хабар берди қиз.

Эртаси куни қиз аризасини қайтариб олишга мажбур қилинган, бироқ кейинчалик у яна тўртта ариза берган, яна қўрқитиш туфайли қайтариб олган. Улар бошни шкафга уриш (2024 йил 17 октябрь), гуруҳ бўлиб ўғирлаш (2024 йил 1 ноябрь), қотилликка уриниш, бармоқларини кесиш ва ўғирлаш (2024 йил 2 ноябрдан 5 ноябргача) ва қизнинг телефон ва ҳужжатларини (ID карта) олиб қолиш (2024 йил 14 ноябрь) билан боғлиқ.

Нашрнинг ёзишича, 2025 йилнинг 27 январида яна қиз ўғирланган. Эртаси куни қиз боғланиб, яна «ҳаммаси яхши»лигини айтган. 29 январь куни ИИББ қиз ҳозирда ҳимояда экани ва у билан психологлар ишлаётганини маълум қилди.

ИИББ хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси (Одам ўғирлаш) ва 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўғирлашда иштирок этган барча шахслар қўлга олинди. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Иш ИИББ бошлиғи назоратида, дейилади бошқарма хабарида.