«Газета.uz» 2025 йил 1 февралдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ва бошқа янгиликлар рўйхатини тақдим этади. Шарҳ сайт хабарлари, Адлия вазирлиги ва Lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.
Тошкент вилоятида иссиқ сув ва иситиш таъминоти нархи оширилади
1 февралдан Тошкент вилояти аҳолиси учун иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув тарифлари туман ва шаҳарларга қараб 9−15 фоизга оширилади. Тарифлар ҳақида батафсил маълумотни материалимизда топишингиз мумкин.
Тезюрар ва ётоқли поездлар учун чипталар нархи ошади
1 февралдан бошлаб мамлакат ичидаги тезюрар ва оддий (ётоқ) поездларнинг чипталари нархи ошади. Хусусан, «Афросиёб» билетлари 20−25 фоизга, «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» билетлари эса 30 фоизга кўтарилади. Ётоқли поездларники эса 10,5 фоизга ошади.
Реабилитация товарлари учун тўловлар ижтимоий карталарга ўтказилади
1 февралдан бошлаб реабилитация техник воситаларини харид қилиш учун ажратиладиган маблағлар, агар уларнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизидан ошмаса, ушбу воситалaргa муҳтож бўлган шахсларнинг ижтимоий карталарига тасдиқланган рўйхатга мувофиқ ўтказилади.
Шунингдек, синов режимида 1070 қисқа рақами («Ишонч телефони») тун-у кун хизмат кўрсатадиган ахборот-маълумот маркази ишга туширилади. Ушбу хизмат ижтимоий карталарни муомалага киритиш ва фойдаланиш бўйича маълумот беради.
Хорижий IT-компаниялар учун даромад солиғидан имтиёзлар берилади
1 февралдан 2030 йил 1 январгача мамлакат норезидентлари бўлган юридик шахслар (бундан Ўзбекистон билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузган давлатларнинг солиқ резидентлари мустасно) экспорт хизматлари ҳажми календарь йил давомида 10 млн доллардан ошган дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларига ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларни кўрсатишдан олган (шу жумладан роялти тўланадиган) даромадлари қисмида фойда солиғини тўлашдан озод қилинади.
Болалар уйларида «Оналар маскани» очилади
Оғир ҳаётий вазиятда ва яқин қариндошлари кўмагисиз қолгани натижасида фарзандини тарбиялашдан воз кечмоқчи бўлган оналар, шу жумладан, ҳомиладор аёллар учун болалар уйларида «Оналар маскани» хизмати йўлга қўйилади.
Уларга ва уларнинг фарзандларига (4 ёшга тўлмаган) 1 йилгача бўлган муддатга ижтимоий шартнома асосида вақтинча бошпана билан таъминланади.
Оилавий болалар уйини ташкил этиш учун тўлиқ оила бўлиши талаби бекор қилинади
Оилавий болалар уйларини ташкил этиш қоидаларига киритилган ўзгартиришлар 1 февралдан кучга киради. Унга кўра, оилавий болалар уйини ташкил этиш учун оиланинг эр ва хотиндан иборат тўлиқ оила бўлиши талаби бекор қилинади. 30 ёшга тўлган фуқароларга оилавий болалар уйини ташкил этишга рухсат этилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар оилага тарбияга (патронат) фақат уларнинг қариндошларига берилади. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг яшаш харажатлари, оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга болани тарбиялагани (парваришлагани) учун ажратиладиган маблағлар тарбияланувчилар умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларини тамомлагунига қадар берилади.
Ишсиз аҳоли касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилади
1 февралдан ишсизлар, шу жумладан, кам таъминланган оилалар аъзолари учун талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш тизими жорий этилади. Бу жараён иш берувчиларнинг буюртмалари ва банкларнинг эҳтиёжлари асосида ташкил этилади. Таълим жараёни Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг касбий малака марказларида олиб борилади.
Агар ўқув курси уч ойдан ортиқ давом этса, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда Камбағал оилалар реестрига киритилган фуқароларга стипендия тўланади.
Автотураргоҳларнинг камида 5 фоизи электромобилларни қувватлантириш станцияси билан жиҳозланади
1 февралдан бошлаб янги лойиҳалаштириладиган давлат органлари, савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларидаги автотураргоҳларнинг камида 5 фоизида электромобилларни қувватлантириш станциялари ўрнатилиши лозим.