Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Payme акциядорлик жамиятини онлайн тўлов тизимлари бозорида устун мавқега эга оператор сифатида эътироф этди.

Payme томонидан онлайн тўлов тизимлари бозорида устун мавқега эришгани тўғрисида Рақобат қўмитасига тақдим этилган хабарнома бунга асос сифатида олинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги қарори билан тасдиқланган «Рақамли платформа операторининг устун мавқеини ва устун музокара кучини эътироф этиш тартиби тўғрисида»ги низомда рақамли платформа операторининг устун мавқега эга деб эътироф этишнинг мезонлари белгиланган.

Ушбу қарорга мувофиқ, қўмитанинг тегишли буйруғи билан онлайн тўлов тизимлари бозорида Payme АЖ устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб эътироф этилди.

Payme ҳақида

Тўлов хизмати Грузиянинг TBC Bank Group банк гуруҳи таркибига киради. Ўтган йилнинг тўққиз ойи давомида Payme`нинг даромади 341,6 млрд сўмни ташкил этган (2023 йилнинг шу даврига нисбатан +38,1 фоиз), соф фойда эса 186,94 млрд сўмга етган (+22 фоз).

Маълумот учун, устун мавқе — бу товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолат.

Агар компания ёки шахслар гуруҳининг бозор улуши 40 фоиз ёки ундан юқори бўлса, шунингдек, бошқа ҳолларда маҳсулот ёки молия бозоридаги устун мавқе тан олинади.

Октябрь ойи охирларида Рақобат қўмитаси томонидан YandexGo, Yandex Eats ҳамда Express24 устун мавқега (монопол) эга рақамли платформа операторлари сифатида эътироф этилганди. Декабрда эса Uzbekistan Airways ва Silk Avia компанияларини устун мавқега эга деб топилди. Иккита компания маҳаллий авиаташувлар, бундан ташқари, Uzbekistan Airways халқаро йўналишларда йўловчи, юк ва почта ташувлари бозорининг 40 фоиздан ортиғини эгаллайди.