2027 йилдан бошлаб Ўзбекистонда картошкага бўлган талаб тўлиқ ички имконият ҳисобидан қопланади. Бу ҳақда 30 январь куни президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда сўз борди.
Қайд этилишича, бугунги кунда картошка 290 минг гектарда экилса ҳам, эҳтиёжнинг бир қисми импортдан қопланяпти. Сабаби нав ва ҳосилдорлик яхши эмас, дейилади хабарда.
Президент шу боис Картошкачилик илмий-тадқиқот институтига иқлимга мос, серҳосил навларни яратиш, «ин-витро» усулида йилига 3 млн дона туганаклар етиштириб, тарқатиш вазифасини қўйди.
2025 йилда картошкачиликни ривожлантириш учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 400 млрд сўм йўналтирилади. Четдан олиб келинадиган уруғлик картошка уч йилга божхона божидан озод қилинади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, картошкага йиллик талаб 4 млн тоннани ташкил этади. 2024 йилда мамлакатда жами 3,7 млн тонна, шундан асосий майдонда 2,7 млн тонна ва такрорий экин сифатида 1 млн тонна картошка етиштирилган. Мазкур ҳосилнинг 600 минг тоннаси кейинги мавсумда экиш учун уруғлик сифатида захира қилинган ва табиий йўқотиш 100 минг тонна (3 фоиз) атрофида белгиланган.
Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг хабар беришича, 2024 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистонга 627 минг тонна картошка импорт қилинган. Бу ҳажмнинг 74,2 фоизи ёки 465,2 минг тоннаси Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Шу ойда Қозоғистон ҳукумати картошка экспортини олти ойга чеклади.
Бир йил давомида Ўзбекистонда картошка деярли 40 фоизга қимматлаган. 3 январдан то 21 январгача Тошкентдаги «Янги Қўйлиқ» (Food City) бозорида картошканинг нархи минимал 3500 cўмдан 6500 сўмга (85 фоизга), максимал 6200 сўмдан 8500 сўмгача (37 фоиз) ошди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатда зарур ҳажмда маҳсулот етказиб берилишига ишонтирди.