АҚШ президенти Дональд Трамп Кубадаги Гуантанамо ҳарбий-денгиз базасидаги иммиграция операциялари марказини ўн минглаб муҳожирларни қабул қилиш учун «тўлиқ қувватга» кенгайтириш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар беради Оқ уй сайти.

Фармон Пентагон ва Миллий хавфсизлик вазирлигига Гуантанамода «Қўшма Штатларда ноқонуний бўлиб турган алоҳида муҳим хорижлик жиноятчилар» учун қўшимча ҳибсхоналар ажратишни буюради.

«Гуантанамода Америка халқига таҳдид солувчи энг хавфли ноқонуний жиноятчиларни сақлаш учун 30 минг жойимиз бор. Уларнинг айримлари шунчалик хавфлики, ҳатто уларни ўз мамлакатларига топширишга ишонмаймиз, чунки қайтиб келишини хоҳламаймиз. Шу сабабли биз уларни Гуантанамога юбормоқчимиз», — деди Трамп.

У бу чора АҚШ расмийларининг ноқонуний муҳожирларни ҳибсга олиш қобилиятини «дарҳол икки баравар оширишини» таъкидлади ва Гуантанамо «қочиб кетиш қийин» жой эканини қўшимча қилди.

Гуантанамодаги мигрантларни сақлаш маркази терроризмда гумон қилинган чет элликлар учун мўлжалланган қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонадан алоҳида жойлашган бўлиб, ўнлаб йиллар давомида вақти-вақти билан ишлатилган. Reuters’нинг қайд этишича, у асосан денгизда қўлга олинган гаитиликлар ва кубаликларни сақлаш учун фойдаланилган.

  • 30 январь куни Дональд Трамп ҳуқуқ-тартибот идораларидан АҚШда ўғирлик ва зўравонлик жиноятларида гумон қилинган ноқонуний муҳожирларни, ҳатто уларга расмий айблов қўйилмаган бўлса ҳам, ҳибсга олишни талаб қилувчи Лейкен Райли қонунини ҳам имзолади.