My.gov.uz ва Uzum Bank ҳамкорлик шартномаси тузди. Ҳамкорлар Ўзбекистон аҳолиси учун бюджет тўловларини соддалаштириш ҳамда финтех воситаларини ривожлантиришни режалаштирмоқда. Фойдаланувчилар энди давлат хизматларини олишда қулай нақдсиз тўлов усулини танлаши мумкин: шахсий маблағлар ҳисобидан ёки муддатли тўлов асосида.

«Аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш қулайлигини ошириш мақсадида биз my.gov.uz ва Uzum Bank ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномасини туздик. Энди my.gov.uz орқали пулли давлат хизматларини олишда тўловларни Uzum Bank иловасидаги шахсий маблағлардан тўлаш ёки Uzum Nasiya орқали муддатли тўлов расмийлаштириш имконияти яратилди. Фуқароларимиз ўз харажатларини режалаштириш ва зарур хизматларни вақтида олиш имкониятига эга бўлади», — изоҳ берди Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Анвар Мансуров.

«Ўртача ҳисобда my.gov.uz'даги ҳар тўртинчи мурожаат пулли хизматлар билан боғлиқ. Давлат хизматлари учун тўловлар бошқа ҳар қандай харидлар каби қулай бўлиши учун биз ягона порталда замонавий финтех воситаларини жорий этдик. Эндиликда фойдаланувчи бир неча клик орқали хизматни расмийлаштириши ва иловада тўлов усулини танлаши мумкин: карта ёки янгиланувчи лимит орқали. Ундан микроқарзни Uzum картага ўтказиш ёки хизматни насияга харид қилиш мақсадида фойдаланиш мумкин. Харажатларни режалаштириш осонлашади ва харидни ортга суришга ҳожат қолмайди», — қайд этди Uzum Fintech давлат идоралари билан алоқалар бўйича директори Софя Назметдинова.

Ҳар куни my.gov.uz'дан 300 мингдан ортиқ киши фойдаланади. 2024 йилда юборилган умумий аризалар сони 32 миллиондан ошди. Унинг ёрдамида фойдаланувчилар зарур ҳужжатларни тезкор олиши, ID-карта, хорижий паспорт, диплом нусхаси, лицензия ва рухсатномалар учун сўров юбориши ҳамда бошқа вазифаларни онлайн ечиши мумкин.

Реклама ҳуқуқлари асосида.