Шавкат Мирзиёев 30 январь куни «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжат давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳамда ишончли ҳимоя этилишини таъминлаш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Қарорда айтилишича, ўтган даврда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган 120 мингга яқин ариза ва шикоятларнинг 57 фоизи қаноатлантирилиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Қарорга кўра, маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;
- фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;
- давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;
- маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;
- фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;
- давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;
- маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш.
Қарорга кўра, маъмурий судлар фаолиятига қуйидаги тартиблар жорий этилади:
- қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш;
- маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган дастлабки эшитув институтини жорий этиш.
Қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади:
- давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили маъмурий суднинг мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш;
- маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув институтини жорий этиш;
- маъмурий судга низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини бериш.
2025 йил 1 майдан тадбиркорлар томонидан тан олинган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича солиқ органи томонидан ушбу тадбиркорнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тартиби жорий этилади.
Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил 1 июнга қадар назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари тан ҳуқуқбузарликлар бўйича молиявий жарималарни қўллашни (бундан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича жарима қўллаш мустасно) назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари киритилишини таъминлайди.
Бунда молиявий жаримани қўллаш жараёнида тадбиркорлик субъекти вакили иштироки таъминланиши, жарима қўллаш бўйича қарор устидан шикоят берилганда, унинг ижроси тўхтатилиши, шунингдек, ноқонуний ва асоссиз қарор бўйича жарима ундирилган бўлса, ундирилган суммадан ҳар бир календарь кун учун тегишли бюджетдан Марказий банкнинг асосий ставкасида фоиз тўланиши инобатга олинади.