Бош вазир Абдулла Арипов 31 январ куни бўлиб ўтган Digital Almaty 2025: Industrial AI форумида Ўзбекистонда сунъий интеллектни (СИ) ривожлантириш стратегиясини тақдим этди (видео).

Форум 31 январдан 1 февралга қадар Олмаота шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бу йил тадбирнинг асосий мавзуси — «Industrial AI: янги давр учун технологиялар». Унда сунъий интеллект ишлаб чиқариш жараёнларининг самарадорлиги ва хавфсизлигини қандай ошириши муҳокама қилинади.

Абдулла Арипов 2024 йилда президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Ўзбекистонда 2030 йилгача СИни ривожлантириш стратегияси тасдиқланганини эслатди.

Ушбу дастур доирасида мамлакат олдига қуйидаги вазифалар турибди:

  • СИга асосланган дастурий таъминот ва рақамли хизматларни ишлаб чиқиш ҳажмини 1,5 миллиард долларгача ошириш;
  • СИ соҳасидаги тадқиқотларга ихтисослашган бир қатор илмий лабораторияларни яратиш;
  • катта маълумотларни қайта ишлаш ва СИ моделларини ўргатиш учун замонавий юқори самарали сервер инфратузилмасини шакллантириш;
  • «Ҳукуматнинг СИга тайёрлик индекси»да топ 50 давлатлар қаторига кириш.

Ушбу мақсадларни муваффақиятли амалга ошириш учун ҳукумат бир қатор асосий йўналишларни белгилаб олган. Улар орасида — кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ва СИ соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, СИни иқтисодиётнинг асосий тармоқларига жадал жорий этиш.

Бундан ташқари, БАА билан ҳамкорликда ёшларни СИга буйруқ бериш кўникмаларига ўргатиш мақсадида «Бир миллион AI Prompters» лойиҳаси ишга туширилди.

Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, аллақачон маълум натижаларга эришилган. Масалан, Тошкент метрополитенининг 12 бекатида Palm Pay тўлов тизими жорий этилган.

Банклар, тўлов тизимлари ва бозорларда қўлланадиган My ID ва Uz Face рақамли идентификация хизматлари ҳам ишлаб чиқилган.

Солиқ тизими ва давлат хизматлари порталида маслаҳат ва электрон хизматлар олиш учун виртуал ёрдамчилар ишга туширилган.

Ҳуқуқий ахборотга киришни соддалаштирувчи Lex AI платформаси тест режимида ишламоқда.

Қабул қилинган стратегияга кўра, СИ технологияларини жорий этишнинг устувор йўналишлари (банк, солиқ ва божхона, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, энергетика) белгиланди. Улар асосида асосий лойиҳалар портфели шакллантирилди.

Ўзбекистон СИ учун IT инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади, деди бош вазир. Шу сабабли катта маълумотлар ва СИ билан ишлаш учун миллий сервер инфратузилмасини шакллантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон СИни тартибга солиш стандартларини ишлаб чиқиш ва кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи халқаро ташкилотлар ва IT компаниялари билан ҳамкорликни кучайтирмоқда, деди у.

2025 йилдан бошлаб мамлакатда ушбу соҳадаги стартаплар ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими йўлга қўйилди. Қўшма акселерация ва венчур инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Бош вазирнинг таъкидлашича, 2024 йилда Ўзбекистон ҳукуматнинг СИга тайёрлик глобал рейтингида 17 поғона юқорилаб, 70-ўринни эгаллаган. Жанубий ва Марказий Осиё минтақасида мамлакат Ҳиндистон ва Туркияни ортда қолдириб, учинчи ўринда турибди.

Абдулла Арипов СИ соҳасида халқаро ҳамкорлик муҳимлигини қайд этди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2024 йил 8 октябрь куни бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида МДҲ давлатларининг СИ масалалари бўйича навбатдаги экспертлар йиғилишини ўтказиш таклиф қилинган.

2025 йилнинг 7−8 август кунлари Самарқандда СИ бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади, унга етакчи экспертлар ва ҳукумат вакиллари таклиф этилган.

Абдулла Ариповнинг айтишича, СИни ривожлантириш улкан имкониятлар эшигини очиб беради, лекин бу ахлоқ, регуляция ва маълумотлар ҳимояси масалаларини ҳал қилишни талаб қилади.

«Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг ахлоқий тамойилларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва регуляция, шунингдек, маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу жиҳатлар хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун жиддий эътибор ва биргаликдаги ҳаракатни талаб қилади», — деди у.

Абдулла Арипов Ўзбекистон 2025 йилда СИ соҳасида ахлоқий меъёрларни интеграциялашни режалаштираётганини айтди.

«Биз ишонамизки, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва СИ соҳасида фаол тажриба алмашиш унинг тўлиқ салоҳиятини очишга ёрдам беради», — дея хулоса қилди бош вазир.