American Airlines самолёти ҳарбий вертолёт билан тўқнашган куни Вашингтоннинг Рональд Рейган номидаги аэропортда диспетчерлар етишмаган, деб хабар берди New York Times АҚШ Фуқаро авиацияси федерал бошқармасининг (FAA) дастлабки ҳисоботига таяниб.

Ҳисоботда айтилишича, навбатчи диспетчерлар сони «кун вақти ва трафик ҳажмига монанд даражада бўлмаган». Аэропорт ҳудудида вертолётларнинг ҳаракатланиши учун масъул бўлган диспетчер, ўз навбатида, самолётлар экипажларига учиш ва қўниш бўйича ҳам кўрсатмалар берган. Қоидага кўра, бу иш бир эмас, икки диспетчерга топширилади, дея аниқлик киритди NYT.

Black Hawk вертолётининг якуний жойлашуви ҳам тасдиқланган йўналишдан четга чиқиб, ер сатҳидан юқорироққа учганини кўрсатади, деб ёзади NYT тўртта манбага таяниб. Вертолётларга Рейган аэропорти яқинида 61 метрдан юқори бўлмаган масофада учишга рухсат берилади, аммо тўқнашув пайтида у 91 метрдан баландроқда бўлган. Газетанинг таъкидлашича, вертолёт учувчиси диспетчерга American Airlines самолётини кўраётганини тасдиқлаган, бироқ самолёт ортидан учиш бўйича кўрсатмага қарамай, белгиланган йўналишга амал қилмаган.

  • American Airlines авиакомпаниясининг Bombardier CRJ700 йўловчи самолёти ва АҚШ қуролли кучларининг Black Hawk вертолёти 29 январь куни кечқурун Рейган аэропортига яқинлашганда тўқнашди ва Потомак дарёсига қулади. Ҳодисада ҳамма, яъни 67 киши ҳалок бўлди: 60 йўловчи ва CRJ700 экипажи, шунингдек, вертолёт экипажининг уч аъзоси. Сўнгги маълумотларга кўра, дарёдан 50 дан ортиқ жасад олиб чиқилган. Самолётнинг қора қутилари топилган ва мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.