Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси лойиҳа кўриб чиқилди. Концепция лойиҳасини қонун билан тасдиқлаш назарда тутилган.
Концепция лойиҳаси билан таништириш учун сўзга депутат Жаҳонгир Ширинов чиқди. Маъруза аввалида депутат мамлакатда диний соҳада амалга оширилган қатор ишларни санаб ўтди.
Маърузачи, шунингдек, ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этиш, аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини шубҳа остига қўйиш, айрим давлат хизматчиларининг дунёвий давлатчилик моҳиятини теран англамаслиги, жамият тараққиёти, бирдамлиги ва барқарорлигига путур етказувчи қонунга хилоф ғоялар, ижтимоий ахлоқ нормалари, миллий ва умуминсоний қадриятларни инкор этиш, тиббий хизматдан, илм-фан ва маданият ютуқларидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни чеклашга қаратилган ғоя ва қарашлар тарқалиши ҳолатлари учраётганини қайд этди.
«Бундай ҳолатлар ягона Ўзбекистон халқи, жамият ва давлат ҳамжиҳатлигига хатар бўлиб, қонун ҳужжатларига риоя этилмаслигига, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузилишига, фуқароларнинг ҳуқуқий тартиботга муносабати салбий томонга ўзгаришига, ватанпарварлик туйғулари емирилишига ҳамда оилавий низоларга олиб келиши мумкин», — деди Ширинов.
Маърузачининг қайд этишича, диний соҳадаги давлат сиёсатини аниқ кўрсатилмаслиги унинг аҳоли ўртасида турлича тушунилишига, дунёвий давлат асосларининг бузиб талқин қилинишига, жамиятда зиддиятларнинг кучайишига олиб келиши мумкин.
«Шунингдек, илм-фан ва технологик ютуқлар билан ҳисоблашмаслик, унинг давлат ва жамият тараққиётидаги аҳамиятига эътиборсизлик, замон билан ҳамқадам бўлмаслик, мамлакатнинг глобал рақобат майдонидаги муносиб ўрин эгаллашини мураккаблаштиради», — деди депутат.
Ташаббус қилинган ҳужжат билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришга ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш таклиф этилди.
Концепция 7 та боб, 41 та банддан иборат. Унда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади ва унга хизмат қилувчи 10 та вазифа белгиланган. Хусусан, Ўзбекистонда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш ва жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат.
Диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосий вазифалари эса қуйидагилардан иборат:
- фуқароларнинг эркинлиги ва қонун олдида тенглигини таъминлаш ва камситилишига йўл қўймаслик;
- кўп миллатли ва кўп конфессияли халқнинг бирдамлиги ва урф-одатларига ҳурматни мустаҳкамлаш;
- фуқароларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий шароитлар яратиш;
- диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга ошириш учун шароит яратиш;
- давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишда конституция нормаларига мувофиқ дунёвийликка таяниш;
- давлат хизмати ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида ҳамда ижтимоий муносабатларни дунёвийлик асосида тартибга солиш;
- диний бағрикенглик ва дунёвийликни қарор топтиришда фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш;
- давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида бирор бир динга ёки эътиқодга устунлик беришга ёхуд уларни камситишга йўл қўймаслик;
- жаҳон илм-фани ва маданиятининг илғор ютуқларидан баҳраманд бўлган ҳолда мамлакат илм-фани ва маданиятини ривожлантириш;
- радикаллашувга қарши курашиш, экстремизм ва терроризм ғоялари тарқалишига йўл қўймаслик.
Концепцияда диний соҳадаги давлат сиёсатининг 3 та устувор йўналиши ҳамда уни амалга ошириш механизмлари белгиланмоқда.
Биринчиси — фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини изчил рўёбга чиқариш, жамиятда конфессиялараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш. Ушбу йўналишда виждон эркинлиги кафолатини таъминлаш, диний ташкилотлар билан ҳамкорликни ваколатли давлат ўргани орқали мувофиқлаштириш, диний расм-русумларни хавфсиз ўтказиш бўйича давлат органлари билан ҳамкорликни таъминлаш, соҳада юқори малакали ходимларни тайёрлашга кўмаклашиш, диний таълим муассасаларида қонунчилик ҳужжатлари ўқитилиши учун шароит яратиш, соҳада амалга оширилган ишлардан фуқароларнинг хабардорлигини ошириш мазкур йўналишдаги давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий механизмларидан ҳисобланади.
Иккинчиси — динларнинг илмий-маъданий меросини ўрганиш, диншунослик ва диний соҳадаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш. Ушбу йўналишда диншунослик бўйича мутахассисларни тайёрлаш, диний соҳадаги илмий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича илмий тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг диний-ижтимоий жараёнларга муносабати бўйича социологик сўровлар ўтказиш ва бошқа шу кабилар давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий механизмлари саналади.
Учинчиси — фуқароларнинг виждон эркинлигига, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи омилларга қарши курашиш. Ушбу йўналишда диний радикаллашувга йўл қўймаслик, радикал диний оқимлар, террористик ташкилотларнинг ғоялари таъсирига тушиб қолган шахсларни ижтимоий мослаштириш, диннинг жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим ўрнини очиб бериш мақсадида медиа соҳадагилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ахборот маконида диндан қонунга хилоф равишда ва сиёсий мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш, виждон эркинлиги соҳасида қонунчилик ҳужжатларини бузиш ҳолатларига ўз вақтида муносабат билдириш, миллий, ирқий ва диний адоват ғоялари билан юғрилган материаллар тарқатишни чеклаш, диний таассублар замирида содир этиладиган жиноятларни барвақт олдини олиш ҳамда бошқа шу кабилар мазкур йўналишдаги давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий механизмлари ҳисобланади.
Концепцияда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг қарори билан парламент комиссияси ташкил этилиши назарда тутилмоқда.
Концепция лойиҳаси ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Шунингдек, уни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш борасида тегишли қарор қабул қилинди.
Ҳужжат Қонунчилик палатаси расмий сайтида эълон қилинади.