Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида Жанубий Кореяга ишга боргач, иш жойини ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда Миграция агентлиги масъуллари иштирокида 17 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Миграция агентлиги бўлим бошлиғи Аъзам Аҳматовнинг қайд этишича, ўзбек мигрантлари билан боғлиқ нолегаллик ҳолатлари 2022 йилгача 3−4 минг оралиғида бўлган. Ҳозирда бу рақамлар 2−3 мингтагача камайган.

«Жанубий Кореянинг ҳар бир иш берувчиси хорижий фуқарони ишга ёллаганидан кейин унинг ҳужжатларини ва Жанубий Корея Адлия вазирлиги орқали визасини расмийлаштириш, шунингдек, иш ва ётоқ жойларини тайёрлаш каби жараёнлар учун харажат қилади. Кейинги вақтларда Жанубий Кореяга ишга борган Ўзбекистон фуқаролари орасида шартномадаги иш жойида 1−3 ой ишлагач, уни ташлаб, бирор яқини, таниши ёки бошқаларнинг таклифи билан иш ҳақи бироз кўпроқ бўлган бошқа ишга ўтиб кетиш ҳолатлари жуда кўплаб учраяпти. Оқибатда Жанубий Кореядаги иш берувчи қилган харажатига куйиб қоляпти. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб Жанубий Кореядаги иш берувчилар кўпроқ Сенегал ёки Вьетнам фуқаросини ишга ёллаяпти. Чунки уларда иш жойини ташлаб кетиш ҳолатлари кам кузатилади, камида 1−3 йилгача муқим ишлайди. Иш берувчини ҳеч ким: „Мана бу давлат фуқароларини танлаб, ишга оласан“, дея мажбурлай олмайди», — дейди Аҳматов.

жанубий корея, меҳнат мигрантлари, меҳнат миграцияси, меҳнат муҳожирлари, миграция агентлиги, ўзбекистонлик мигрантлар

Фото: АОКА

«Биз фуқароларимизга Жанубий Кореяга кетишдан олдинги кўниктириш тадбирларини, тарғибот ишларини кучайтирганмиз. Шу ишлар доирасида Жанубий Кореядаги ҳар бир иш берувчининг корхоналарига ҳам бориб, у ерларда ҳам тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Бу саъй-ҳаракатларимиз 2025 йилдан ўз натижасини кўрсатади», — дея таъкидлади агентлик вакили.

Агентлик ахборот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаровнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Жанубий Кореяда нолегал юрган Ўзбекистон фуқаролари сони у ердаги жами ўзбекистонликларнинг 9,6 фоизига етган. «Агар бу 10 фоизга чиқадиган бўлса, ўша давлат биз билан [миграцион алоқаларни] тўхташи ҳам мумкин. Шу боис биз қаттиқроқ чоралар кўришга мажбур бўляпмиз», — дейди Қаландаров.

Бошқарма бошлиғи Исломжон Ҳамроевнинг таъкидлашича, Жанубий Корея қонунчилигида ноқонуний мигрантлар билан боғлиқ нормалар аниқ белгилаб қўйилган.

«Жанубий Корея қонунчилиги бўйича ҳар бир давлатдан келган меҳнат мигрантлари орасида ноқонунийлари сони 10 фоиздан ошиб кетса, квота масаласида камайтириш, қисқартириш, визани бекор қилиш масалалари кун тартибига қўйилади. Шунинг учун фуқароларимиз нолегал мақомга ўтиб кетаётганининг олдини олиш мақсадида Миграция агентлиги томонидан уч томонлама шартнома тузилган. Бу шартнома бўйича меҳнат мигранти Жанубий Кореяга боргандан кейин иш жойини бевосита агентлик билан келишмасдан ўзгартирмаслиги ёки нолегал мақомга чиқиб кетмаслиги бўйича мажбурият олади. Фуқаронинг хатти-ҳаракатлари ҳуқуқий муносабат бўйича шартнома тарафларнинг ихтиёрига асосан амалга оширилади. Бундай ҳолатда кетаётган мигрантга мажбуран имзо қўйдирилмайди. Шартномани имзолашдан олдин тушунтириш ишлари олиб борилади», — дейди у.

Ҳамроевнинг таъкидлашича, агентлик томонидан кетаётган фуқароларга нолегал мақомда бўлишнинг оқибатлари, салбий ҳолатлари, жавобгарлик, ўша давлатнинг қонунчилигини бузганлик учун депортация ва жарима қўллаш масаласини тушунтириш бўйича махсус курс ташкил этилган. «Ҳар бир жўнатилаётган фуқарога ҳозирги кунда маҳалла идоралари билан келишган ҳолда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляпти, ҳаттоки, уларга судларнинг қарорларини ҳам кўрсатяпмиз», — дея изоҳ берди агентлик расмийси.

Агентлик директори ўринбосари Азимжон Ҳусановнинг қўшимча қилишича, Кореяга жўнаб кетаётган ҳар бир фуқаронинг кафиллиги кучайтирилмоқда.

жанубий корея, меҳнат мигрантлари, меҳнат миграцияси, меҳнат муҳожирлари, миграция агентлиги, ўзбекистонлик мигрантлар

Фото: АОКА

«„Сен Жанубий Кореяга бориб, иш жойингдан қочсанг, бошқаларнинг ҳам ҳуқуқларини чеклаб қўйяпсан, бундай пайтда фақат ўзингни ўйлама, орқангдагиларни ҳам ўйла. Ўзингни ўйлаб, қочиб кетганинг эвазига ортингдаги минглаб одамлар иш берувчилар томонидан танланмаяпти“, деган мазмунда огоҳлантиришлар бериляпти. Биз озчиликни ўйлаб, кўпчиликнинг ҳуқуқларини чеклаб қўймаслигимиз керак. Биласизми, бир фуқаро Жанубий Кореядан депортация қилинса, унинг фарзандлари ҳам келажакда бу мамлакатга бора олмайди. Оила аъзолари, яқин қариндошларида ҳам виза масаласида рад жавоби чиқаверади», — дейди Азимжон Ҳусанов.

Агентлик бўлим бошлиғи Достон Олимжонов ҳам Жанубий Кореяга ишга борган ўзбекистонликлар орасида иш жойларини ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилаётганини таъкидлади.

«Бундан ташқари, Жанубий Корея иқтисодиётида ҳам ўзгаришлар бўлгани сабабли кўп компаниялар ўзларини банкрот деб эълон қиляпти. Шу каби сабаблар ортидан нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатларда ҳам ўз фуқароларини Жанубий Кореяга ишга юбориш бўйича кўрсаткичлар пасайиб кетяпти», — деди агентлик расмийси.