Ижтимоий тармоқларда MY5 телеканали мухбири Рухсора Ғофурованинг ўзгалар номига кредит олиб, ушбу маблағларни ўзлаштирганликда гумон қилинаётган банк ходимаси ҳақидаги материали ва ушбу материал эфирга берилганидан сўнг мухбирнинг ички ишлар органларига чақиртирилиб, унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилгани ҳақидаги хабарлар атрофидаги муҳокама тинмаяпти. «Газета.uz» мухбири муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазкур ҳолат тафсилотлар ва у бўйича билдиралаётган муносабатларни бир саҳифага жамлади.

Рухсора Ғофурова тайёрлаган материал нима ҳақида эди?

MY5 телеканали мухбири Рухсора Ғофурова Халқ банкининг Жиззах вилояти филиали ходимаси Б.Г. фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, уни ўзи ўзлаштиргани ҳақида материал тайёрлаган.

Таъкидланишича, айни вақтда нафақада бўлган навоийлик Ойбек Очилов 2022 йилгача Жиззахда ҳарбий соҳада ишлаган. У 2019 йили Халқ банки Жиззах вилояти филиалига истеъмол кредити олиш мақсадида мурожаат қилган. Аммо ўша вақтда банк ходимаси Б.Г. фуқаронинг номида ипотека кредити борлиги сабаб унинг аризаси қаноатлантирилмаганини маълум қилган.

Ойбек ОчиловОйбек Очилов

Орадан уч йил ўтиб, 2022 йилнинг февраль ойида Ойбек Очиловнинг собиқ иш жойи, яъни ҳарбий қисмга кредит қарздорлигини тўлаш масаласида Халқ банкидан хат келган. Шундан сўнг, у Халқ банкига бориб, кредит олмаганини билдирган. Лекин банк ходимлари унинг номига кредит олинганини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган. Маълум бўлишича, 2019 йилнинг ноябрь ойида Ойбек Очилов номига маиший техникалар учун истеъмол кредити расмийлаштирилган, аммо унинг ўзи бундан бехабар бўлган. 2023 йил январь ойидан бошлаб унинг пластик картасидан кредит тўлови учун пул ҳам ечила бошлаган.

Бундан ташқари, яна бир собиқ ҳарбий хизматчи Жамолиддин Бойназаров биан ҳам шундай ҳолат бўлган. Унинг рафиқаси Зебо Бойназарованинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи 2019 йили истеъмол кредити олиш учун Халқ банки Жиззах филиалига мурожаат қилган. Банк ходимаси Б.Г. фуқародан 10−15 кунда хабар олишни сўраган. Айтилган вақтда банкка борган Жамолиддин Бойназаровга «йил охири бўлгани сабаб лимит ёпилган» деган важ билан рад жавобини берган. Бу орада коронавирус пандемияси бошланиб, фуқаро банкка қайтиб бормаган. 2023 йил январь ойидан эса унинг пластик картасидан пул ечила бошлаган.

Адвокат Акмал Ибрагимовнинг сўзларига кўра, ҳар икки фуқаро номига 2020 йили кредит чиқарилган ва бу кредит бўйича тўловларни банк ходимлари икки йил ўзлари тўлаб келган. Улар 2023 йили кредитни сўндиришни тўхтатгач, тўловлар фуқаролар Ойбек Очилов ва Жамолиддин Бойназаровнинг пластика карталаридан ечиб олина бошлаган. Ваҳоланки, улар на кредитни, на кредит пулига олинган маиший техникани кўрган.

Журналист Рухсора Ғофурова жабрланган фуқаролар мурожаати бўйича изоҳ олиш мақсадида Халқ банкининг Жиззах филиалига борган. Банк биноси олдида ўзларини банк мутасаддилари деб таништирган икки фуқаро мулоқот давомида телеканал тасвирчисига қаршилик кўрсатган.

Жиззах шаҳар прокуратураси катта тергвочиси Руфат Алиев фуқаро Бойназаров иши бўйича терговга қадар текширув ўтказилаётгани, фуқаро Ойбек Очилов иши юзасидан ҳарбий прокуратурада тергов олиб борилиб, иш тугатилганини маълум қилган. Б.Г. Тошкентдан адвокати билан прокуратурага келган. У ҳомиладор бўлиб, УТТ маълумотномаларигача прокуратурага ташлаб кетган. «Уни ҳар ҳафта чақира олмаймиз. Чунки бу руҳиятига таъсир қилиши мумкин. Банк сири бўйича хат берганмиз. Банк сири бўйича айланмани, ҳаммасини кўтариб келса, пластигидан ҳамма маълумот келиб чиқади», — деган прокурор.

Журналист Рухсора Ғофурованинг ушбу лавҳаси 2024 йил 23 декабрда «Марказий студия» информацион дастури орқали эфирга берилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, мазкур журналистик суриштирувдан сўнг Рухсора Ғофуровага нисбатан маъмурий иш қўзғатилган.

«Қонунга мувофиқ, кўрсатув эфирга узатилгач, банк ходимига нисбатан дарҳол жиноят иши қўзғатилиши лозим эди. Чунки Ўзбекистон Жиноят-процессуал Кодекси талабларига кўра, оммавий ахборот воситасининг жиноят ҳақида берган хабари жиноят иши очилишига асос бўлади. Аммо тескариси — банк ходимасининг аризасига кўра, Рухсоранинг ўзига нисбатан маъмурий иш қўзғатилган. Эмишки, журналист банк ходимасининг шаъни ва қадр-қимматини камситибди ҳамда унинг жинояти ҳақида хабар бериб, қонунбузарлик содир этибди», — деб ёзган Ташанов.

«Ҳужжатлардан кўринишича, банк ходимасининг ўзга шахслар номига олинган кредитининг бир қисмини унинг эри — Ўзбекистон Олий суди судьяси ўз пластик картаси орқали тўлаб келган. Судья, эҳтимол, бу қонунбузарликдан хабардор бўлган ва қонунбузар аёлини ҳимоя қилган. Катта эҳтимол билан, журналистга ҳужум ортида ҳам жанобнинг ўзлари турибди», — дейди ҳуқуқ фаоли.

Муносабатлар

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси масъуллари масалага ойдинлик киритиш мақсадида Рухсора Ғофурова билан мулоқотда бўлганини қайд этиб, мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Телеканалга 2024 йилнинг декабрь ойида фуқаролар Ойбек Очилов, Зебо Бойназарова ва унинг турмуш ўртоғи Жамолиддин Бойназаров томонидан ёзилган мурожаат хати келган. Айни хат асосида „Менинг юртим“ телеканали журналисти материал тайёрлаган. Ушбу материал-лавҳа эфирга узатилгач, банк ходимаси мурожаатига кўра, пойтахтимиздаги тегишли ички ишлар бўлими Р.Ғофуровадан фақатгина айни ҳолат юзасидан тушунтириш хати олган, холос. Буни Р.Ғофурованинг адвокати Амрулло Аҳмедов уюшмага маълум қилди. Адвокатнинг айтишича, 2025 йил 24 январь кунги ҳолатда Р.Ғофуровага нисбатан маъмурий баённома тузилмаган. Демак, Р.Ғофуровага нисбатан маъмурий иш қўзғатилган қабилида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асоссиз», — дейилади уюшма ахборотида.

Журналистлар уюшмаси журналист Рухсора Ғофурова билан боғлиқ ҳолат бўйича адолатли қарор қабул қилиниши таъминланишига ҳар жиҳатдан кўмаклашишини билдирган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди MY5 телеканали журналисти Рухсора Ғофурова атрофидаги вазиятдан хабардор эканлигини билдирди.

«Биз ушбу масала бўйича воқеалар ривожини кузатиб борамиз ҳамда сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, журналистлар хавфсизлигини таъминлаш ва журналистиканинг турли жанрларини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз», — дейилади фонд ахборотида.

Мазкур ҳолат бўйича Халқ банки ахборот хизмати ҳам муносабат билдираркан, журналист суриштирувида айтилаётган банк ходимаси 2023 йили ишдан бўшатилганини маълум қилган.

«Ҳолат масъуллар иштирокида ўрганилганда, Халқ банки Жиззах шаҳар универсал БХМ собиқ ходими Б.Г. фуқаро О.О. номига 2019 йилда истеъмол кредити расмийлаштиргани, О.О. мурожаатидан сўнг банкнинг „Ички назорат“ бўлими хизмат текшируви ўтказиб, ҳужжатлар Жиззах вилояти Ҳарбий прокуратурасига тақдим қилинганлиги аниқланди. Шунингдек, собиқ ходим Б.Г. билан тузилган меҳнат шартномаси 2023 йилда Меҳнат Кодексининг 161-моддаси (меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш)га асосан бекор қилинган бўлиб, ўз-ўзидан „Халқ банки ходими журналистни судга берди“, деган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади банк ахборотида.

Судялар олий кенгаши ҳам ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

«MY5 телеканалининг „Марказий студия“ дастурида эфирга узатилган лавҳадан сўнг унинг муаллифига нисбатан қўзғатилгани айтилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишга судялар ҳамжамияти вакилининг эҳтимолий алоқадорлигига оид ижтимоий тармоқдаги хабарлар Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар одоб комиссиясида ўрганиб чиқилади», — дейилади баёнотда.

Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидовнинг ушбу ҳолатга нисбатан билдирган муносабатида қайд этилишича, журналистик суриштирувда кўтарилган масалага Олий суд судьяси Ш. Болиев ва унинг турмуш ўртоғини дахли бор-йўқлигига тегишли тартибда аниқлик киритилади.

«Шунинг баробарида, Ш. Болиевнинг турмуш ўртоғи ички ишлар органларига MY5 телеканали журналисти Р. Ғафурова устидан шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш юзасидан ариза билан мурожаат қилгани фақатгина ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланганидан далолатдир. Бир сўз билан айтганда, судьянинг турмуш ўртоғи бўладими ёхуд журналист — қонун барча учун баробар», — дейилади Олий суд муносабатида.

Жиззах вилояти ИИБ: «Банк ва МЧЖ мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди»

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматидан «Газета.uz»га маълум қилишларича, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи фуқаро Жамолиддин Бойназаров 2019 йили Халқ банки Жиззах вилояти филиалига истеъмол кредити олиш учун мурожаат қилган, аммо банк ходимаси Б.Г. унга кредит ажратилмаслигини айтган. Аммо 2019 йил 20 декабрда 942-сонли кредит шартномаси расмийлаштирилиб, Жамолиддин Бойназаров номига 3 йил муддатга йиллик 36 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 22 млн сўмлик истеъмол кредити ажратилган.

«Кредит эвазига таъминотчи „Fayz Mega Stroy“ МЧЖ томонидан фуқарога 1 дона 6 млн сўмлик телевизор, 1 дона 6 млн сўмлик музлаткич, 1 дона 8 млн сўмлик ҳаво совуткичи, 2 млн сўмлик газ плитаси берилиши керак бўлса-да, лекин Жамолиддин Бойназаров ушбу маҳсулотларни олмаган. У ҳолат бўйича қонуний чора кўришни сўраган», — дейилади Жиззах вилояти ИИБ ахборотида.

Қайд этишларича, ҳолат юзасидан 2025 йил 24 январь куни Халқ банки Жиззах вилоят филиали ва «Fayz Mega Stroy» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (фирибгарлик) ва 228-моддаси 2-қисми «б» банди (ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Жиззах шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.