Ўзбекистонда деҳқон хўжаликлари ва томорқа хўжалигини ривожлантириш бўйича алоҳида кенгаш ташкил этилади. Бу ҳақда 30 январь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг томорқада ва ижарага берилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бўйича ўтказган йиғилишда сўз борди.
Янги кенгаш аҳолини ўқитишдан тортиб, уруғ, кўчат етказиш, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспортга чиқариш занжирини яратиш билан тизимли шуғулланади.
Қўшимча «иқтисодий актив»
Мамлакатда 5 миллиондан зиёд хонадонда 508 минг гектар томорқа, аввал ташкил этилган деҳқон хўжаликларида 17 минг гектар ва сўнгги йилларда аҳолига тарқатилган 260 минг гектар ер бор. Бу ерлар қўшимча «иқтисодий актив», одамларни ишли қилиб, даромадини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда энг катта захира сифатида қаралмоқда.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган етти йилда томорқа эгалари ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун жами 2,3 трлн сўм имтиёзли кредит ва 265 млрд сўмлик субсидия берилган. Одамларнинг кўникмасидан келиб чиқиб, 5 минг 145 та маҳалла мева-сабзавот етиштириш, кўкатчилик, лимончилик каби йўналишларга ихтисослаштирилган.
Одамлар ерга ишлашни, замонавий агротехнологияларни қўллашни ўрганиши натижасида илгари томорқада гектаридан ўртача 18 тонна маҳсулот олинган бўлса, ҳозирда бу 2 карра ошиб, 38 тоннага етди. Маҳаллаларда қўшимча 470 минг тонна мева-сабзавотни сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш қувватлари яратилди. Асака, Жондор, Шаҳрисабз, Уйчи, Қизилтепа, Янгийўл, Тойлоқ, Ангор, Қува, Олтиариқ каби ўнлаб туманларда одамлар томорқадан 2−3 марта ҳосил олиб, бир сотихдан ўртача 15−20 млн сўм даромад топяпти.
UzAgroStar холдинг ва ихтисослашган компаниялар
Янги кенгаш бошқарадиган UzAgroStar холдинг компанияси ташкил этилади. Ушбу холдинг таркибида мева-сабзавотчилик йўналишларига ихтисослашган 15 та компания очилади. Ушбу компаниялар мева-сабзавот етиштириш бўйича ўз брендини яратган 15 та драйвер туманни янги босқичга олиб чиқиб, уларнинг тажрибасини яна 72 та туманда оммалаштиради.
Ҳар бир компанияга бюджетдан 20 млрд сўмдан маблағ ажратилади. Томорқа кенгашида алоҳида жамғарма ташкил қилиниб, дастлабки босқичда 260 млрд сўм пул ва 1,2 трлн сўмлик кредит портфели берилади.
«Бунинг ҳисобига 15 та компания бириктирилган туманлардаги ихтисослашган маҳаллалар аҳолисини ўзига мижоз қилиб, маблағ билан таъминлайди. Томорқада ҳосилни кўпайтириш учун четдан янги технология ва экспертлар олиб келади. Хонадонларга ҳосилдор уруғ ва кўчат, сифатли ўғит етказиш, агротехник хизматлар кўрсатиш, маҳсулотини қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилишда кўмаклашадиган тизим ташкил этилади. Уруғчилик институтлари билан ҳамкорлик ривожлантирилади. Танлаб олинган туманларда „яшил“ иссиқхоналар ташкил этилиб, намуна қилинади», — дейилади хабарда.
Умуман, аҳоли томорқасида озиқ-овқат етиштиришни молиялаштириш учун қарийб 5 трлн сўм йўналтирилиши белгиланди.
Деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятлар яратилади. Жумладан, маҳалла ва хонадонларда музлаткич, қадоқлаш, қуритиш, қайта ишлаш омборлари ва иссиқхоналар қурилиб, аҳолига 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан тайёр ҳолда берилади.
Томорқа хизматларини йўлга қўйган тадбиркорларга 7 йил муддатга 17,5 фоизли имтиёзли кредит ажратилади. Аҳоли ва деҳқонларнинг энг намунали лойиҳалари учун ҳар йили 20 млрд сўмлик грантлар эълон қилинади. Бунда 500 та маҳалладаги энг зўр лойиҳага 40 млн сўмдан грант берилади.
Шу билан бирга, маҳаллада экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйиб берган уста-деҳқонларга 100 млн сўмгача, қисқа муддатли ўқув курсини ташкил қилганларга 5,5 млн сўм субсидия ажратилади. Сув таъминоти оғир жойларда ёмғир сувини тўплаш ва сақлаш сиғимини қуриш харажатининг ярми қоплаб берилади.
Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаларига кредит ажратишда гаров талаб қилинмайди. Бунда суғурта полисининг ўзи етарли бўлади. Деҳқонларга ортиқча ҳужжатларсиз имтиёзли кредит берилади.
Томорқа ва деҳқон хўжалиги ерлари ҳисобини юритиш
Томорқа ва деҳқон хўжалиги ерлари, уларда етиштирилган маҳсулот ҳисобини юритиш бўйича ҳам янгича тизим бўлади. Бунинг учун йил якунигача томорқалар ва экин ерлари алоҳида таснифланади. Уларда нима экилгани «онлайн маҳалла» платформасига киритилади.
Ердан самарали фойдаланиб, бир сотихда 5 млн сўмдан юқори расмий даромад олаётган деҳқонларга ер солиғининг 90 фоизи «кешбэк» сифатида қайтариб берилади. Аксинча, томорқасига экин экмаганлардан ер солиғи оширилган миқдорда ундирилади.
Ҳозир бу соҳада «рақамли бозор» бўлмагани учун деҳқонлар мева-сабзавотига харидор, қайта ишловчи ва экспортчилар эса маҳсулот қидириб юрибди. Шу боис уларни ўзаро боғлайдиган «маркетплейс» ишга туширилади.
2026 йилдан қишлоқ хўжалиги ерлари учун солиқ ҳисоблаш тартиби ҳам ўзгаради. Ижарага берилган ернинг балл-бонитети ошса, тўланадиган солиқ ўзгармайди, аксинча тушиб кетса, солиқ ставкаси 3 карра ошади.
Президент маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш учун техникалар етказиб бериш, деҳқонларга қулай лизинг маҳсулотлари тақдим этиш бўйича ҳам топшириқлар берди.