Андижон шаҳрида жойлашган Бобур ҳайкали кўчирилиб, унинг ўрнида бизнес маркази қурилиши, шунингдек, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг 10,7 гектар қисмида турар жой бинолари барпо этилиши режалаштирилаётгани ҳақида аввал хабар берилган эди. 2024 йилнинг ноябрь ойида Бобур ҳайкалини шаҳардаги Регистон майдонига кўчириш, бўшаган 1,2 гектар ер участкасида 20 ва 16 қаватли турар-жой биноларини барпо этилиши режалаштирилгани ҳақидаги хабарлар жамоатчилик норозилигига сабаб бўлганди.

2024 йилнинг кузида вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилган «Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасининг 16-бандида вилоят ҳокимлиги таклифи билан, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғини замонавий услубда реконструкция қилиш ва унинг 10,7 гектар қисмида Andijon Сity ишбилармонлик маркази, 19 та 18 қаватли ва 7 та 28 қаватли турар жой, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилиши кўзда тутилганди. Бунинг учун 288 млн доллар миқдорида инвестиция маблағлари киритилиши таъкидланган эди.

Cкрин: t.me/the_bakirooCкрин: t.me/the_bakiroo

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг атрофи ўраб қўйилгани акс этган тасвирлар тарқалди. Тармоқ фойдаланувчиларига кўра, боғда қурилиш ишлари бошланиш арафасида.

Урбанист Искандар Солиев жамоатчиликни мазкур боғни сақлаб қолишга чақираркан, «[боғнинг] атрофи аллақачон тўсилган. Улар бизни жим туриб, унутиб юборамиз, деб ўйлашяпти. Лекин биз унутмаймиз. Шаҳарда шундоқ ҳам истироҳат боғлари етишмайди. Шаҳар аҳолиси розилигисиз бу ҳудудни йўқ қилиш — Андижон аҳолиси манфаатларига тўғридан-тўғри зид», деб ёзди.

У боғ ҳудудида амалга ошириладиган қурилишни дарҳол тўхтатиш, паркни ҳозирги ҳолатида сақлаб қолиш ва ишбилармонлик маркази қурилишини бошқа жойга кўчиришни талаб қилиш зарурлигини таъкидлаган.

«Биз аллақачон petition.gov.uz сайтида ариза топширганмиз, аммо бюрократия уни чўзиб юбориши мумкин. Шунинг учун Avaaz'dagi аризага имзо қўйишингизни сўраймиз, бу бизнинг овозимиз эшитилиши учун имконият. Аризага имзо қўйинг ва боғни сақлаб қолишга ҳисса қўшинг. Бу хабарни дўстларингиз орасида тарқатинг, токи сафимиз кенгайсин. Кеч бўлмасидан тез ҳаракат қилиш ниҳоятда муҳим!», — дея таъкидлаган Искандар Солиев.

Унинг ёзишича, вилоят ҳокимлиги қабулхонасига мурожаатнома жўнатилган, аммо у ердан жавоб келмаган. «Лекин овозларни тўхтатмай йиғиб тураверамиз. Ҳозирча 300 тага яқинлашиб қолдик», — дейди у.

Урбанистнинг жамоатчилик чақирувига Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот хизмати муносабат билдирди. Унга кўра, Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган 46-сонли фармоннинг 15-б бандига асосан, Алишер Навоий боғидаги барча дарахтлар хатловга олинган.

««2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони қабул қилинган бўлиб, унинг 4-бандида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар, қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этилган. Ушбу ҳудуддаги мавжуд кўп йиллик дарахтлар қурилиш ўрнига тўғри келиб қолса, қурилиш лойиҳасини ўзгартириб, дарахтлар сақлаб қолинади», — дейилади ахборотда.

Экология бошқармаси матбуот котибининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳозирги пайтда Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи ҳудудида 29 турдаги жами 2 минг 545 дона дарахтлар мавжуд.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Рустамжон Эшоновнинг «Газета.uz» мухбирига айтишича, боғ ҳудудида ишбилармонлар маркази, турар жой обьектлари қурилмайди, боғ фақат реконструкция қилиниб, замонавий кўринишга келтирилади.

алишер навоий боғи, андижон, ишбилармонлик маркази, турар-жой

«Навоий боғини реконстукция қилиш ишлари бошланиш арафасида. Боғдаги кўп йиллик дарахатлар, тарихий бўлиб қолган объектлар, чойхоналар, боғга киришдаги арка… Барчаси сақлаб қолинади. Боғ реконструкция лойиҳаси бўйича тақдимот қилинади, албатта. Интернетда боғ бузилиши ҳақида тарқалаётган шов-шувларнинг бари нотўғри. Боғ фақат замонавий кўринишга келтирилади», — деди ҳокимлик матбуот котиби.

алишер навоий боғи, андижон, ишбилармонлик маркази, турар-жой

алишер навоий боғи, андижон, ишбилармонлик маркази, турар-жой

алишер навоий боғи, андижон, ишбилармонлик маркази, турар-жой

алишер навоий боғи, андижон, ишбилармонлик маркази, турар-жой

Айни пайтда Алишер Навоий боғининг атрофи баннерлар билан ўраб қўйилган. Ундаги маълумотларга кўра, боғнинг реконструкция лойиҳаси Sanderson Group томонидан тайёрланган. Буюртмачи — Osiyo Royal МЧЖ, бош пудратчи сифатида эса Sanderson Group ҳамда Osiyo Royal қайд этилган.

Реконструкция ишлари 2025 йил 1 апрелда бошланиб, 2026 йилнинг 21 мартгача давом этиши режалаштирилган. Кўрсатилишича, бу лойиҳанинг умумий қиймати 20 млн долларни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» 2024 йил ноябрь ойида андижонликларнинг ўзи мазкур боғ ҳудудида қурилиш бўлишига қандай фикрда эканига қизиқиб, уларга микрофон тутганди: