Шахмат бўйича ўзбекистонлик Олимпиада чемпиони Нодирбек Ёқуббоев Вейк-ан-Зее шаҳрида бўлиб ўтган Tata Steel Chess турнирида ўйин олдидан қўл бериб кўришмагани учун жаҳон кубоги совриндори, ҳиндистонлик шахматчи қиз Рамешбабу Вайшалидан узр сўради.

Ёқуббоев Вайшали, унинг укаси Праггнанандҳа ва уларнинг онаси Нагалакшми билан учрашиб, содир бўлган воқеадан афсусда эканини билдирди. У узр сўраш белгиси сифатида Вайшалига гуллар ва шоколадлар совға қилди.

ChessBase India эълон қилган видеода ўзбекистонлик спортчи воқеа учун қайта-қайта узр сўрагани эшитилади, бироқ Вайшали ва унинг укаси Прагг унга нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқлигини бир неча бор айтган.

«Бўлган воқеадан жуда афсусдаман. Бу иккаламиз учун ҳам ноқулай вазият бўлди. Ўша куни мен жуда шошиб тургандим. Бу тушунмовчилик эди ва мени кечиринг. Мен сизни, укангизни ва барча ҳинд шахматчиларини ҳурмат қиламан. Тушунганингиз учун ташаккур, сизга омад ва энг яхши тилакларимни тилаб қоламан», — деди Ёқуббоев.

Бунга жавобан Вайшали уни «ҳаммаси яхши» деб ишонтирди ва йигит аслида ўйиндан сўнг дарҳол узр сўраганини эслатди.

«Мен буни салбий қабул қилмадим, шунинг учун ташвишланишга ҳожат йўқ. Ҳаммаси яхши», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, воқеа 21 январь куни Tata Steel Chess’нинг ғолиби келаси йили барча юлдузлар иштирокидаги асосий тўрда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритадиган челленжер турнирида юз берганди.

Тўртинчи раундда Ёқуббоев аёллар рейтингида дунёнинг 19-рақами ва 2024 йилги номзодлар турнири иштирокчиси Вайшали ўтирган ўйин столига яқинлашди. Ҳиндистонлик шахматчи рақибига қўлини чўзди, лекин у бош ирғаш ва қўл ҳаракати ёрдамида қўлни сиқмаслигини ишора қилди. Бу Вайшалини таажжубда қолдирди, лекин у охир-оқибат партияда ғалаба қозонди.

шахмат, нодирбек ёқуббоев, рамешбабу вайшали

Ҳиндистонлик Дивья Дешмух билан бўлган илк ўйинда ҳам Ёқуббоев чўзилган қўлга дарҳол жавоб қайтармаган, балки мушт тегизиш орқали саломлашишни таклиф қилганди. Нодирбек унга ҳам гуллар берди.

Кейинроқ ўзбекистонлик гроссмейстер узр сўраб, унинг хатти-ҳаракати диний эътиқоди билан боғлиқлиги ва ҳурматсизлик кўрсатиш мақсадида эмаслигини тушунтирди.

Ёқуббоев ChessBase India нашрига берган интервьюсида ўзининг диний эътиқоди ҳақида ҳакам ва рақибига хабар бермай, хато қилганини айтди. «Хулқ-атворим учун узр сўрайман», — деди у.

Ўзбекистонлик спортчи шахматчи Дивья Дешмух билан қўл бериб кўришган 2023 йилдани Абу Даби турнирини ҳам эслади. У ўша пайтда динининг барча қоидаларига амал қилмаганини, бу нотўғри бўлганини билдирди.

«2024 йилдан бошлаб барча қоидаларга риоя қилишга ва бошқа аёллар билан қўл бериб кўришмасликка ҳаракат қиламан», — деди у.

10 турдан сўнг Вайшали ва Ёқуббоев 5 очкодан тўплаб Challengers турнирида 9−11-ўринларни бўлишиб турибди.

Турнир ҳақида

Вейк-ан-Зее-2025 ёки Tata Steel Chess Tournament — 1937 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинадиган дунёдаги энг қадимги ва энг кучли шахмат турнирларидан бири, бу йил ҳисоб бўйича 87-си.

Турнир давра бўйича ўтказилади ва 13 турдан иборат. Вақт назорати: 40 та юриш учун 100 дақиқа, кейин ўйин охиригача 50 дақиқа + биринчисидан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сония. Ўйинлар 18 январдан 2 февралга қадар бўлиб ўтмоқда.

Турнир шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу учун илк классик турнир бўлади. У ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов ҳам ўйнайдиган Masters бўлимида иштирок этади.

Нодирбек Абдусатторов 7 очко билан Гукешдан (7,5) кейин иккинчи, ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳа эса учинчи бўлиб турибди.