Тошкент Ботаника боғида дарахтлараро сакраб юрган олмахонларни учратиш мумкин. «Газета.uz» фотомухбири Мурод Юсуф эса табиат манзараларини суратга олишни яхши кўради. У икки йилдан бери Ботаника боғидаги олмахонлар ҳаётини тасвирга туширяпти. Бунинг ҳам қизиқ тарихи бор.
Мурод Ботаника боғидаги олмахонларни биринчи марта 2023 йили боғ Инстаграм саҳифасида (ҳа, боғнинг ўзида эмас, балки Инстаграм саҳифасида) кўриб қолган. У шу вақтгача на Тошкентда ва на бошқа жойда тирик олмахонларни учратмаган эди (ваҳоланки, маълумотларга кўра, улар аллақачон Тошкент чегараларидан ташқарига чиқиб кетган). Ботаника боғига бориб, биринчи уринишда уларни тополмайди.
2024 йил мартида Instagram’да Ботаника олмахонларининг янги суратларини кўриб қолиб, янги фотообъективини митти жониворларда синаб кўриш илинжида яна боғга боради. Бу сафар омади келиб, икки олмахонни топади ва уларни бир неча кадрларга тушириб олади.
2025 йилнинг январида унинг объективида яна олмахонлар пайдо бўлди. Мурод бу сафар уларнинг сони кўпроқ экани, қишда ҳам озуқа излашлари эътиборини тортганини айтади. Олмахонлар бир дарахтдан бошқасига жуда тез сакраб ўтгани учун қўлда камера созламаларини бошқариш, фокусни тўғрилаш бироз қийин бўлганини ҳам тан олди.
«Ёввойи табиат фотографияси сабр талаб қилади: баъзида кун бўйи ўтириб ҳам ҳеч қандай сурат ололмайсан, баъзан эса мен кутган кадрлар бир неча соатда тайёр бўлади. Бундаги завқ, туйғуни бошқа ҳеч нарсадан топиб бўлмайди. Олмахонлар билан ҳам шундай бўлди», — дейди фотосуратчи.
Ботаника боғига олмахонлар қандай келиб қолган?
Ўзбекистон Фанлар Академияси Зоология институти умуртқали ҳайвонлар лабораторияси мудири Нодиржон Азимовнинг сўзларига кўра, олмахон Ўзбекистонга хос маҳаллий тур эмас. «Бизда олмахонга ўхшаш, фақат тунда фаол бўладиган Туркистон каламуши деган тур бор. У ҳам олмахон каби ёнғоқ билан озиқланади, лекин у каламушнинг бир тури», — дейди у.
Олимнинг қайд этишича, Ботаника боғидаги олмахонлар ҳам, Тошкентнинг бошқа боғ ва хиёбонларида кўзга ташланадиган олмахонлар ҳам анча йиллар аввал, 1970 йилларда Россиядан олиб келиниб, Ўзбекистон иқлимига мослаштирилган кемирувчиларнинг авлодларидир.
Тошкент ботаника боғи директори ўринбосари, дендролог Собитжон Носировнинг айтишича, боғдаги олмахонлар сони ҳисоблаб кўрилмаган, ҳозир улар табиий шароитда, ўз-ўзидан кўпаймоқда. Мутахассиснинг фикрига кўра, боғда олмахонлар сонининг кўпайиши яшаш ва озуқа шароитининг яхшиланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
«Ботаника боғида бир вақтлар йиртқич ҳайвонлар кўпайиб кетгани учун олмахонлар кам бўлган. Сўнгги йилларда боғни агрессив ўсимликлардан тозалаш ишлари амалга оширилди, ўсимликлар алоҳида-алоҳида бўлимларга ажратилиб, экспозициялар ташкил қилинди. Натижада олмахонларни ўлжа сифатида кўрувчи мушук, ит каби ҳайвонларнинг одамлардан яшириниши учун жой қолмай, улар боғдан чиқиб кета бошлади. Бу эса, ўз-ўзидан, олмахонларнинг яшаш цикли эркинлашишига олиб келди ва улар ўзидан кўпая бошлади», — дейди дендролог.
Зоолог Нодиржон Азимовнинг тушунтиришича, олмахонларга баланд ва ёнғоқли дарахтлар керак. Баланд дарахтлар сакраб, хавфсиз яшаш шароитини берса, ёнғоқлар озуқа манбаидир. Ботаника боғида эса буларнинг бари мужассам. «Ботаника боғининг Шимолий Америка экспозициясида 300 дан ортиқ ёввойи ёнғоқ дарахти бор. Ҳар пишиқчилик мавсумида олмахонлар қиш учун озуқа ғамлаб қўяди», — дейди дендролог Собитжон Носиров.
Тошкентнинг дарахтлар кўп бўлган бошқа жойларида, масалан, Мустақиллик майдонида ҳам олмахонларни учратиш мумкин, аммо, мутахассисларнинг сўзларига кўра, у ердаги дарахтларнинг аксарияти мевали эмас, балки манзарали бўлгани учун олмахонлар озуқа масаласида қийналиб, эмин-эркин яшай олмайди.
Олмахонлар ўз кўриниши ва ҳаракатлари билан одамларга эстетик завқ беришдан ташқари табиатдаги барча маҳлуқот сингари озуқа занжирида ҳам қатнашади. Масалан, ёнғоқларни бир ердан бошқасига олиб бориб, кўмиб қўйиши билан дарахтлар кўпайишига хизмат қилади. Ўз навбатида, олмахонларнинг ўзи гўштхўр ҳайвонлар учун озуқа ҳисобланади.
Тошкент Ботаника боғида яна қандай жониворларни учратиш мумкин?
Ботаника боғининг асосий фаолияти ўсимликлар коллекциясини парваришлаш бўлгани учун бу ерда яшаши мумкин бўлган ҳайвонларга алоҳида ғамхўрлик қилинмайди, уларнинг ҳисоби ҳам юритилмайди. Шунга қарамай, бу ерда олмахонлардан бошқа жониворларни ҳам учратиш мумкин. Масалан, дендролог Собитжон Носировнинг ўзи боғда қирғовул, тошбақа ва типратиканларни ҳам кўрганини айтади.
Қирғовуллар боғда 2010 йилдан кейин пайдо бўлган. Бу тур қушлар акация ва япон софораси каби дуккакли ўсимликлар билан озиқланади. Мутахассиснинг айтишича, улар ҳам — олмахон сингари — озуқа муҳити шакллангач кўпая бошлаган. Умуман, боғда хилма-хил қушларни учратиш мумкин — масалан, ёввойи каптарлар кўп, баҳорда ҳатто булбуллар ҳам пайдо бўлиб қолади.
Тошбақалар кўп йиллик ўтлар билан озиқланади — боғда бу борада ҳам муаммо йўқ. Типратиканлар эса жуда кам, дендрологнинг ўзи уларни бутун фаолияти давомида уч ёки тўрт марта кўрганини тан олади. Чунки боғда типратиканбоп озуқа манбаи кам.
«Типратиканлар асосан судралиб юрувчилар, ҳашаротлар билан озиқланади. Бундай жонзотлар эса Ботаника боғида ўсимликларни касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида ўтказиладиган мавсумий тозалаш ишлари таъсирида деярли йўқ бўлиб кетади», — дея тушунтиради мутахассис.
Зоолог Нодиржон Азимовнинг таъкидлашича, боғда илонлар мутлақо йўқ деб ҳам бўлмайди. Боғ ҳудудида сувилон ва қуруқликда учровчи илонлардан икки тур учраб туради. Лекин улар заҳарли эмас, одамларга зиёни йўқ.