Қишлоқ хўжалиги вазирлиги картошка нархининг ошишига яна бир бор изоҳ бераркан, кўрилаётган чора-тадбирлар ва нарх қачондан пасайиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.
Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда картошканинг бир килограмми 12 минг сўмга қимматлашгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Аммо Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг мониторинг маълумотларига кўра, Тошкент шаҳридаги Food City бозорида картошканинг ўртача нархи 8500 сўмни (минимал — 7500 сўм, максимал — 9000 сўм) ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, январь бошида минимал ва максимал нархлар 3500 ва 6500 сўмни ташкил қилган, яъни ой давомида нархлар 1,4−2,1 баробар ошган.
Ҳудудлардаги имтиёзли қишлоқ хўжалиги ярмаркаларида картошканинг бир килограмми 5−6 минг сўмдан сотилмоқда. Тошкентнинг йирик бозорларида нархлар турлича:
- 9000 сўм — «Авиасозлар», «Қўйлиқ», «Миробод», «Юнусобод» бозорлари;
- 10 000 сўм — «Сергели», «Фарҳод», «Чилонзор», «Эски жува», «Қорақамиш», «Аския», «Олой» бозорлари.
Нега нархлар кўтарилмоқда?
Картошка нархи ошишига кузда такрорий экилган майдонлардан етарлича ҳосил олинмагани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Ўзбекистонда йилига икки марта картошка етиштирилади:
- январь-мартда экилса — апрель-июлда ҳосил беради;
- июнь-июлда экилса — ноябрь-апрелда ҳосил беради.
Ноябрь-апрель ойларидаги талабни қоплаш учун 1,7 миллион тонна картошка зарур бўлса, амалда атиги 1 миллион тонна ҳосил олинган, бу эса талабнинг атиги 44 фоизини қоплайди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, шуниндек, ишлаб чиқариш харажатларининг ошишини ҳам қайд этди. Хусусан, уруғлик, ўғит, ёқилғи ва бошқа ресурслар нархи ўсган.
1 гектар картошка етиштириш 55−60 миллион сўмни ташкил этади, бу бошқа экинларникидан 2−2,5 баробар кўп. Сўнгги тўрт йил ичида картошка нархи 173% ошган. Бу қуйидаги ресурсларнинг ўсиши билан боғлиқ:
- Азотли ўғит — +173%;
- Калийли ўғит — +175%;
- Кимёвий воситалар — +202%;
- Дизель ёқилғиси — +178%;
- Механизация хизматлари — +170%;
- Электр энергияси — +180%.
Шунингдек, ўтган йилдан бошлаб сувдан фойдаланганлик учун солиқ ва ҚҚС қўшилди, бу эса картошканинг нархини қўшимча оширди.
Қўшни мамлакатларда нархларнинг кўтарилиши
Қозоғистонда 2024 йилда картошка етиштириш 80 фоизга қисқариб, 2,9 миллион тоннани ташкил этди.
Россияда картошка етиштириладиган майдонлар 33,9 минг гектарга, ҳосил эса 1,4 миллион тоннага камайди. Октябрда Россияда картошканинг ўртача нархи 1,5 баравар ошди (кг учун 22−23 рубл / 2900−3000 сўм).
Қандай чоралар кўрилди?
Ўзбекистонда 245,6 минг тонна картошка захираси шакллантирилди. Бозорга 9900 тоннага яқин маҳсулот арзонлаштирилган нархларда (кг учун 4000−4500 сўмдан) чиқарилди.
Бундан ташқари, мамлакатга Афғонистон, Қирғизистон, Покистон ва Эрондан 94,2 минг тонна картошка импорт қилинди.
Транспорт тўсиқлари ҳам олиб ташланди, импорт кўпайтирилди, етказиб берувчиларга картошка ташиш учун қўшимча темирйўл вагонлари ажратилди.
Энг йирик Korzinka супермаркетлар тармоғида Покистон картошкаси 4990 сўм/кг, маҳаллий картошка эса 8490 сўмдан сотилмоқда, дея таъкидлади вазирлик.
Нархлар қачон тушади?
Нархларни барқарорлаштириш учун ҳукумат бир қатор амалий чора-тадбирларни режалаштирган. Хусусан, 2025 йилда картошка экиш учун 122 минг гектар ер майдони ажратиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, апрель-май ойларида бозорга янги ҳосил киради, бу эса нархларнинг пасайишига олиб келиши керак.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги февраль-март ойларида нархлар барқарорлашишини, апрель-май ойларида эса пасайишини кутмоқда.
Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги 2024 йилнинг январидан ноябригача 627 минг тонна картошка импорт қилингани ҳақида хабар берган. Бу ҳажмнинг 74,2 фоизи ёки 465,2 минг тоннаси Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган. Январдан бошлаб Қозоғистон олти ойга картошка экспортини тақиқлади.
Президентнинг 30 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон 2027 йилдан бошлаб картошкага бўлган эҳтиёжни ички имконият ҳисобидан қопламоқчи экани маълум қилинганди. Ўтган йил давомида мамлакатда картошка деярли 40% қимматлашди. 2025 йилда картошкачиликни ривожлантириш учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 400 миллиард сўм йўналтирилади. Четдан олиб келинадиган уруғлик картошка уч йилга божхона божидан озод қилинади.