Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳкумларни алмашади. Бу ҳақдаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 31 январь куни бўлиб ўтган мажлисда қабул қилинди. Ҳужжат Сенатга маъқуллаш учун юборилди. Аввалроқ Қирғизистон Жогорку Кенеши ҳам қонунни маъқуллаган эди.

Маҳкумларни ватанда жазони ўташ учун топшириш тўғрисидаги шартнома 2024 йил 18 июлда Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг ташрифи доирасида Тошкентда имзоланганди.

24.kg нашрининг Қирғизистон бош прокурори ўринбосари Умуткан Конкубаевага таяниб хабар беришича, Ўзбекистонда 42 нафар қирғизистонлик, Қирғизистонда эса 97 нафар ўзбекистонлик жазо ўтамоқда. Мажлисда сўзга чиққан Ўзбекистон Экологик партияси раиси Абдушукур Ҳамзаев бироз бошқача маълумотларни келтирди — 45 нафар қирғизистонлик ва 96 нафар ўзбекистонлик.

Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси аъзоси Козимжон Тожиевнинг аниқлик киритишича, маҳкумлар Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги «Дўстлик"/"Достук» назорат-ўтказиш пункти орқали алмаштирилади.

Ҳужжат, шунингдек, маҳкумларни топшириш харажатларини қоплаш, низоларни ҳал қилиш механизми, томонлар ўртасидаги расмий мулоқот тиллари ва бошқа масалаларни тартибга солади. Шартномага мувофиқ, Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош прокуратуралари унинг ижроси учун масъул бўлган марказий органлар ҳисобланади.

Депутатларнинг таъкидлашича, келишув маҳкумларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларнинг оилалари билан алоқасини сақлаш ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.