2024 йил давомида Ўзбекистонда 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган бўлиб, шундан 3045 таси (32,5 фоиз) юк ва йўловчи ташишни амалга оширувчи транспорт воситалари билан боғлиқ. Бу ҳақда 24 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилди.
Юк ва йўловчи транспорти иштирокидаги ЙТҲларнинг умумий сонидан:
- энг кўп ҳолатлар Damas микровэнлари (жамоат транспорти сифатида кенг қўлланилади) улушига тўғри келди — 1592 (52,3 фоиз);
- юк транспортилари — 558 та ҳолат (18,3 фоиз);
- автобуслар — 137 та ҳолат (4,5 фоиз);
- микроавтобуслар — 29 та ҳолат (0,95 фоиз).
Ҳисоботда алоҳида таъкидланишича, 351 та ЙТҲ (3,7 фоиз) ҳайдовчилар иш ва дам олиш режимига риоя қилмагани сабабли рулда ухлаб қолгани ортидан содир бўлган. Бундай авариялар оқибатида 189 киши ҳалок бўлган, 285 киши жароҳат олган.
Автомобилни бошқариш пайтида ухлаб қолиш дунёдаги йўл-транспорт ҳодисаларининг энг кўп учрайдиган сабабларидан биридир. Ҳайдовчиларга фожиали оқибатларга йўл қўймаслик учун, айниқса, узоқ сафарларда дам олиш тартибига риоя қилиш тавсия этилади.
Аввалроқ ўтган йили 9364 та ЙТҲ оқибатида 8901 киши жароҳатлангани ва 2203 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. 2024 йилда жабрланган ва ҳалок бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилмаган. 2023 йилда болалар иштирокида 1794 та ЙТҲ содир бўлган. Уларда 1568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган. 2022 йилда бундай маълумотлар тўлиқ эълон қилинмаган, аммо ўша йилнинг 10 ойида 226 нафар бола вафот этган.