Ўзбекистонда уйлар ва корхоналарга қуёш батареяларини ўрнатиш бўйича кенг кўламли дастурни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Президент билан 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда қуёш панеллари ва сув иситгичларини ўрнатишни рағбатлантириш учун 2 трлн сўм ажратиш масаласи муҳокама қилинди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, 2 йил ичида аҳоли ва хўжалик субъектларини камида 50 фоиз томларини қуёш панеллари билан қоплаш режалаштирилмоқда.

Бош прокурор ўринбосари Шохрух Аминов 2025 йилда аҳоли хонадонлари, кичик бизнес ва ижтимоий соҳа объектлари энергия истеъмолининг камида 40 фоизи муқобил энергия манбалари ҳисобига қопланишини таъкидлади. «Бу вазифанинг бажарилиши сўзсиз таъминланади», — деди у.

28 январь куни бош прокурор ўринбосари томонидан ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штабининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Унда ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларини олдини олиш ҳамда энергоресурсларни иқтисод қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳволи танқидий муҳокама қилинди.

Учрашувда 100 мингта объектда ва 150 мингта хонадонда жами 600 МВт қувватда қуёш панели ўрнатиш режа қилингани маълум бўлди. Бу ҳақдаги топшириқ давлат раҳбари ҳузурида ўтказилган йиғилишида берилган. Вазифа ижросини таъминлаш мақсадида жойларда маҳаллий ҳокимликлар, божхона органлари, «Ўзэнергоинспекция», тижорат банклари, таъминот корхоналари ва бошқа тегишли идоралардан иборат ишчи гуруҳ тузилади.

бош прокуратура, муқобил энергия, қайта тикланадиган энергия, қуёш панеллари

Улар берилган топшириқларни белгиланган муддатларга бажариш, мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш, шунингдек, йўл қўйилган камчиликлар учун жавобгар бўлади.

Қуёш панелларини ўрнатишдан ташқари, иқтисод қилишнинг қўшимча манбаларини аниқлаш, реактив батарея ўрнатиш бўйича улгуржи истеъмолчига ёзма кўрсатма бориш, икки босқичлига ўтказиш, 400 та йирик истеъмолчиларда энергоаудит ўтказиш юзасидан топшириқлар берилиб, ижроси Республика штаби томонидан алоҳида назоратга олинди.

Шунингдек, туманлар кесимида ностандарт газ ёндиргичларни алмаштириш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Сирдарёда электрдан узилган тадбиркорлар ҳокимият биноси олдига йиғилганди. Улар ҲЭТК томонидан асоссиз равишда, қуёш панели ўрнатмагани учун тармоқдан узиб қўйилганини айтган. Вилоят ҲЭТК ҳолатга муносабат билдириб, масъуллар президент қарорини нотўғри талқин қилганини маълум қилган.

«Газета.uz» бутун мамлакат бўйлаб тадбиркорлар шу сабабдан электр энергияси узилиши таҳдидига дуч келаётгани ҳақида ёзган. Шу билан бирга, Энергетика вазирлиги кимнидир қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш, ўрнатилмаган тақдирда тармоқдан узиб қўйиш билан огоҳлантириш «ҳеч бир қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган»и билдирган.

Аввалроқ энергетика вазири қуёш панеллари ўрнатишга мажбурловга учраган тадбиркорлар учун мўлжалланган қабулхонаси телефон рақамини берган: +99871−231−14−41.

2023 йилнинг 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда янги кўп қаватли уйлар томларининг бўш қисмининг камида 50 фоизига қуёш батареяларини ўрнатиш талаби жорий этилган.

Бундан ташқари, қуёш батареяларини ўрнатган аҳоли ортиқча электр энергиясини давлатга сотгани учун 1000 сўмдан олиши мумкин.

Президент 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда ресурс тежайдиган иқтисодиёт моделга ўтиш вақти келганини айтган. Ўзбекистонда жами қувватлардаги «яшил» энергиянинг улушини 16 фоиздан 26 фоизга ошириш режалаштирилмоқда. Кам углеродли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 300 млн доллар жалб қилинади.