Қонунчилик палатасининг 31 январь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мажлисда депутатлар кодекс лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида масъул органларнинг ваколатлари, вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартларини соддалаштириш, сувни истеъмолчилар орасида тақсимлашнинг янги механизмлари жорий этишга алоҳида аҳамият қаратгани қайд этилди.
Шунингдек, Қонунчилик палатасининг 24 январь куни бўлиб ўтган мажлисида кодекс лойиҳасидаги айрим нормалари, яъни сув олиш тартибини бузганлик учун жарима санкциялари билан боғлиқ масалалар депутатларнинг эътирозли саволларига сабаб бўлгани таъкидланди ва палата вакиллари бир қатор таклифлар бергани айтилди.
«Ўтган даврда масъул қўмита томонидан ушбу таклифлар чуқур таҳлил қилинди ва улар асосида лойиҳа ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилиб, маромига етказилди. Депутатларнинг фикрича, кодекс лойиҳасининг қабул қилиниши сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага инвеститсияларни жалб қилиш, технологик модернизация қилишни рағбатлантиришга хизмат қилади», — дейилади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида.
Мажлисда кодекс лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда ҳам қабул қилинди ва Сенатга юборилди.