Қозоғистонда қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 12 фоиздан 20 фоизгача оширилиши мумкин.
Мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 28 январ куни бўлиб ўтган кенгайтирилган таркибдаги йиғилишда ҳукуматга дунёдаги оғир иқтисодий вазият шароитида тўлиқ тежамкорликка ўтиш топшириғини берди.
«Қанчалик қийин бўлмасин, ҳукумат маблағ бутунлай тежалишини ва фақат энг долзарб муаммоларни ҳал қилишга сарфланишини таъминлаши керак. Белни маҳкам боғлаб, имкониятга яраша яшаш вақти келди», — деди у.
Йиғилишда Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов мамлакат учун кутилганидан ёмонроқ ўтган 2024 йил якунлари бўйича ҳисобот тақдим этди. Хусусан, 2024 йилда Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоизга ўсиши режалаштирилган, мақсадли кўрсаткич 6 фоиз бўлгани ҳолида амалда 4,8 фоизга ўсди. Инфляция 8,6 фоизни ташкил этди (бу прогнозларда кўзда тутилган 6−8 фоиздан юқори). Ўтган йил давомида тенгенинг долларга нисбатан курси 15,5 фоизга қадрсизланди. Мамлакат Миллий банки валюта интервенсияларини амалга оширди, шунингдек, ҳокимият давлат компаниялари учун валюта тушумларининг 50 фоизини мажбурий сотишни қайта жорий қилди.
Бундан ташқари, Қозоғистонда сўнгги йилларда муттасил «бюджет инқирози» кузатилмоқда. Бюджет даромадларининг камайиши фонида давлат харажатларининг кучли ўсиши ҳисобига дефицит ортиб бормоқда. ҚМА (Қозоғистон молиячилар ассоциацияси) таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилнинг 9 ойида республика бюджетига солиқ тушумлари бўйича режа атиги 52 фоизга бажарилган. Солиқ тушумларидаги йўқотишлар ўрни Миллий жамғармадан маблағ олиш ва юқори даражада давлат қарзини жалб қилиш орқали қопланмоқда.
Бош вазир ҚҚС ставкасини ошириш, шунингдек, иш ҳақи фондига юкламани камайтириш зарурлигини маълум қилди (бунда иш ҳақи фондига юклама сотувлар бўйича солиқ юки томонига ўтади).
«Бунга эришиш учун ҚҚС ставкасини ошириш, айни вақтда иш берувчилар томонидан тўланадиган ижтимоий ва мажбурий пенсия тўловларини камайтириш зарур. Бу корхоналарнинг рақобатбардошлигини оширади, улар учун зарур молиявий захираларни яратиш имконини беради. Иш ҳақи фондига юкламани камайтириш корхоналарга ишчиларнинг маошини ошириш имконини беради. Қўшимча солиқ тушумлари иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, инфратузилмани жадал ривожлантириш, устувор тармоқларда истиқболли бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади», — деди Бектенов.
Бош вазир ўринбосари Серик Жумангарин янги Солиқ кодекси лойиҳаси ҳозирда парламентда муҳокама қилинаётганини ва унда солиқ имтиёзларини камайтириш, иккинчи даражали банклар, таваккалчиликка асосланган ўйинлар, ҳашамат товарлари ва ҳоказолар учун солиқларни ошириш билан боғлиқ қатор чора-тадбирлар кўзда тутилганини эслатиб ўтди.
Хусусан, ҚҚС ставкасини амалдаги 12 фоиздан 20 фоизгача ошириш, шунингдек, ҚҚС бўйича рўйхатга қўйиш юзасидан айланма чегарасини йилига 78 млн тенгедан 15 млн тенгегача (1,95 млрд сўмдан 376 млн сўмгача) камайтириш таклиф этилмоқда.
У берган маълумотларига кўра, рўйхатга олинган 2,3 миллиондан ортиқ солиқ тўловчининг атиги 137,7 минг нафари ёки тадбиркорлик субъектларининг 6 фоизи қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланади. Шулардан бор-йўғи 88 минг нафари ёки солиқ тўловчиларнинг 4 фоизи амалда қўшилган қиймат солиғини тўлайди, дея тушунтирди у чегарани пасайтириш зарурлигини.
У мамлакат солиқ ислоҳотига муҳтожлигини таъкидлаб, Солиқ кодекси лойиҳаси парламентда эканини ва тез орада унга ўзгартиришлар киритилишини айтди.
«Биз ҚҚСни кўтармоқчимиз, ставка муҳокама қилинмоқда. Парламентда Солиқ кодекси лойиҳаси турибди, унга ўзгартиришлар киритамиз. (…) Ислоҳот зарур ва давлат раҳбари буни қўллаб-қувватлади», — деди бош вазир ўринбосари.
Айни вақтда бунинг эвазига ҳукумат ижтимоий солиқни бекор қилишни таклиф қилмоқда. Бош вазир ўринбосари Жумангариннинг сўзларига кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланадиган иш ҳақи фондига юклама 40 фоизга яқинни ташкил этади, бу эса ўз навбатида маҳсулот таннархига таъсир қилади.
Қосим-Жомарт Тоқаев ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини изоҳлади.
«Бу масалада ҳеч қандай шубҳа йўқ. Буни жамиятга, аҳолига тушунтириш керак. Айтайлик, ижтимоий солиқ: биз уни маъмурий жиҳатдан қандай татбиқ этамиз? Буларнинг барчасини муҳокама қилиш ва бу ислоҳотни қандай амалга оширишни ўйлаб кўриш керак. Умуман олганда, ислоҳот керак, мен бу ислоҳотни маъқуллайман, лекин уни муҳокама қилиш, тадқиқ қилиш керак. Шу сабабдан айни пайтда парламентда янги Солиқ кодекси лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Бу яхши натижа, лекин 2025 йилда биринчи навбатда солиқ ва бюджет кодексларига эътибор қаратиш лозим. Шундай экан, ишланглар, ислоҳот зарурлигини тасдиқлайман, лекин биз ҳозир Миллий жамғармадан ажратиладиган трансфертларни қисқартиришимиз, унинг жамғарма функсиясини кучайтиришимиз керак, жамғармада тўпланган маблағлар йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилиши мумкин. Шу тариқа биз тараққиётни тезлаштирамиз. Лекин барибир, бу жиҳат, хусусан, ижтимоий солиқни жуда чуқур ўйлаб кўриш керак, деб ҳисоблайман», — деди давлат раҳбари.
Forbes.kz Қозоғистон Молия вазирлиги маълумотларига таяниб ёзишича, давлат бюджети даромадлари 27,1 трлн тенгени ташкил этган, бу 2023 йилга нисбатан 2,2 трлн тенгега ёки 8,9 фоизга кўп. Даромадларнинг асосий қисми солиқлар, бироқ бешдан бир қисми Миллий жамғармадан трансфертлар ҳисобига тўғри келади. Бу бюджетнинг нефтдан даромадларга юқори даражада боғлиқлигидан далолат беради. Бундай боғлиқлик эса хомашё товарлари нархининг эҳтимолий пасайиши шароитида бюджет барқарорлиги учун хатарлар туғдиради.
Давлат бюджети харажатлари 30,7 трлн тенгени ташкил этган, бу 2023 йил якунларига нисбатан 3 трлн тенгега ёки 10,8 фоизга кўп.
Бюджет тақчиллиги 3,6 трлн тенгени ташкил этган, бу 2023 йилга нисбатан 774,9 млрд тенгега ёки 27,6 фоизга кўп. Давлат бюджетининг эълон қилинган нефтсиз тақчиллиги тарихий юқори даражага етиб, 10,8 триллион тенгени ташкил этди.