Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида устахонада қолдирилган телефондан ўзганинг пулларини ўғирлаган шахс аниқланди. Бу ҳақда Sevimli телеканалининг Zamon дастурида хабар берилди.
Ангрен шаҳрида яшовчи фуқаро ИИБга мурожаат қилиб банк картасидан 9 млн сўм номаълум тарзда ечиб олинганини билдирган. Тезкор суриштирувлар давомида бу ишни 31 ёшли шахс содир этгани аниқланган.
Маълум бўлишича, жабрланувчи телефони носозлиги сабаб уни таъмирлаш учун устага топширган. Телефон устаси уни тузатиш пайтида мобил иловалар орқали банк картасига кириш имконини қўлга киритган ва мижознинг картасига тушган 9 млн сўмни ўзининг картасига ўтказиб олган. Сўнгра пулни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Ҳозирда гумонланувчи процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» банди (Қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб ўғрилик қилиш) билан жиноят иши очилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Агар мазкур судда айблов ўз исботини топса, гумонланувчи суд томонидан 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.