Оқ уйда қўшимча стенографистларни ёллаш режалаштирилмоқда, чунки мавжуд ходимлар президент Дональд Трамп лавозимга киришганидан кейин пайдо бўлган юкламага бардош бера олмаяпти. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Стенографист — юқори тезликдаги нутқни махсус машинада ёки қоғозга қўлда ёзиб олувчи мутахассис.
Оқ уйга қайтганидан кейинги биринчи ҳафтада Трамп омма олдида жами 7 соат 44 дақиқа нутқ сўзлади ва 81 235 та сўз айтди. Жо Байден тўрт йил олдин ўзининг биринчи ҳафтасида 24 259 та сўз қўллаганди. 2017 йилнинг биринчи ҳафтасида Трамп камера олдида 33 571 та сўз ишлатганди.
Хусусан, Трамп инаугурация кунида 22 000 дан ортиқ, кейин Шимолий Каролина ва Калифорниядаги офат жойларига ташриф буюрганида яна 17 000 та сўз қўллади. Бу ҳатто энг фидойи стенографистнинг ҳам қулоғи ва бармоқларини таранглаштириш учун етарли, айниқса, Жо Байденнинг тўрт йиллик нисбатан сокин кечган давридан сўнг, деб таъкидлайди Associated Press.
Қайд этилишича, аксарият президентлар ўз муддатларини кўплаб оммавий нутқлар билан бошлашга интилсалар-да, Трамп ўзининг чиқишларга бўлган иштиёқи билан «бутунлай бошқа даражада ҳаракат қилмоқда».